УЕФА Инфантино сабабли Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини бойкот қилиши мумкин

УЕФА Инфантино туфайли Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини бойкот қилиши мумкин
Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) ФИФА президенти Жанни Инфантино билан боғлиқ можаро сабабли Европа жамоаларининг Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс хабар берди.
Ўтган ҳафта ФИФА турнирларни ташкил этиш ва трансляция ҳуқуқларини сотиш учун "ФИФА Форвард Энтерприсе" (ФФЕ) номли тижорат тузилмасини яратиш ниятида эканлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик, футбол конфедерацияларининг кескин танқиди ва УЕФАга аъзо мамлакатлар томонидан Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш таҳдиди туфайли Инфантино бу ташаббусдан воз кечишга мажбур бўлди.
Манбага кўра, юзага келган ушбу мураккаб вазиятни УЕФА президенти Александер Чеферин ва Европа клублари ассоциацияси (ЭСА) раҳбари Носир ал-Хелайфи муҳокама қилиши режалаштирилган. Музокаралар 12-август куни "ПСЖ" ва "Астон Вилла" ўртасидаги УЕФА Суперкубоги учрашуви вақтида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Носир ал-Хелайфи айни пайтда Париж клубининг ҳам президенти ҳисобланади.
Александер Чеферин, агар Жанни Инфантино ФИФА президенти лавозимида қолса, ЭСА ва унинг таркибига кирувчи жамоалар 2029-йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортишини қат'ий қўллаб-қувватламоқда. Бироқ, бу қат'ий қарорнинг амалга оширилиши учун ассоциацияга аъзо бўлган 850 дан ортиқ клубнинг умумий розилиги талаб этилади.

