Туркия ярим йилда 26 миллионга яқин сайёҳни қабул қилди
Шу даврда мамлакатнинг туризм даромадлари ўтган йилги кўрсаткични сақлаб қолиб, 25,8 миллиард АҚШ долларини ташкил

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой 31-июл куни Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, мамлакат жорий йилнинг дастлабки олти ойида қарийб 26 миллион сайёҳни қабул қилган. Аниқроқ айтганда, 2026-йилнинг биринчи ярмида Туркияга 25,8 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган.
Шу даврда Туркиянинг туризм соҳасидан олган даромади 25,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткични сақлаб қолган.
Меҳмет Нури Эрсойнинг таъкидлашича, 2026-йилнинг биринчи ярмида минтақавий кескинликлар ва глобал ноаниқликлар туризм талабига маълум даражада таъсир кўрсатган.
Вазир шундай деди: "Туркия ушбу можароларга аралашмаган ва барча авиакомпанияларимиз ҳамда аеропортларимиз узлуксиз ишлашда давом этган бўлса-да, Яқин Шарқ ҳаво ҳудудининг ёпилиши сайёҳлар оқимининг маълум даражада пасайишига олиб келди. 2025-йилнинг дастлабки олти ойида Туркия 26,4 миллион нафар сайёҳни қабул қилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 25,8 миллионни ташкил этди. Йилнинг иккинчи ярми эса ижобий бошланди ва мавжуд прогнозларга кўра, йил якунига қадар натижалар сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда. Стратегик ташаббуслар натижасида туризм даромадларини 2025 йил даражасида сақлаб қолишга муваффақ бўлдик ва биринчи ярим йилликни 25,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги даромад билан якунладик."
Шунингдек, Туркияда сайёҳларнинг ўртача қолиш муддати 0,5 фоизга ошиб, 10,01 кечага етган. Бир кечага тўғри келадиган ўртача харажат эса 2,6 фоизга кўпайиб, 109 АҚШ долларини ташкил этган.
Туркияга энг кўп сайёҳ ташриф буюрган давлатлар рўйхати ўзгаришсиз қолган: Россия Федерацияси (2,65 миллион), Германия (2,44 миллион) ва Буюк Британия (1,58 миллион).

