Иқтисодиёт

Марказий Осиё туризм ўсиши бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткични қайд этди

Марказий Осиё туризм соҳасида жаҳон миқёсида энг юқори ўсиш суръатларини намойиш этди. Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (ВТТС) ҳисоботига кўра, 2025-йилда минтақада туризмнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси 17,7 фоизга ошиб, бу кўрсаткич бўйича дунё минтақалари орасида етакчилик қилди, дея хабар берди Economist.kg.

2025-йил якунларига кўра, туризм Марказий Осиё иқтисодиётига 20,1 миллиард доллар ҳисса қўшган, бу минтақа ялпи ички маҳсулотининг 4,3 фоизини ташкил этади. Таққослаш учун, 2019-йилда бу кўрсаткич 15,8 миллиард долларни ташкил этган эди. Демак, пандемия давригача бўлган даврга нисбатан туризмнинг иқтисодиётга ҳиссаси 27,1 фоизга ўсган. Фақатгина 2025-йилнинг ўзида эса ўсиш 17,7 фоизни ташкил этган. Бу Шимоли-шарқий Осиёдаги 8,7 фоиз ва Жануби-шарқий Осиёдаги 7,6 фоиз кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқори.

Марказий Осиёда хорижий сайёҳлар томонидан сарфланган маблағлар 26,4 фоизга ошган. Туризм соҳасида банд бўлганлар сони 9,5 фоизга, соҳага киритилган инвестициялар эса 12,4 фоизга кўпайган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ҳозирда туризм минтақада 1,7 миллион кишини иш билан таъминламоқда, бу ҳар 17 та иш ўрнидан бирининг туризм билан боғлиқлигини англатади. 2036-йилга бориб, бу соҳада ишлаётганлар сони 2,2 миллион кишига етиши кутилмоқда.

2025-йилда сайёҳлар Марказий Осиёда жами 15,4 миллиард доллар сарфлаган. Шундан 9,9 миллиард доллари хорижий сайёҳлар, 5,5 миллиард доллари эса маҳаллий сайёҳлар ҳиссасига тўғри келган. Харажатларнинг 84,5 фоизи дам олиш ва кўнгилочар саёҳатлар билан боғлиқ бўлган, ишбилармонлик мақсадидаги сафарлар улуши эса 15,5 фоизни ташкил этган.

Минтақа аҳолиси 2025-йилда хорижий саёҳатлар учун энг кўп Ўзбекистонни танлаган, жами хорижий саёҳатларнинг 25 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган. Кейинги ўринларда Қозоғистон (23 фоиз), Қирғизистон (18 фоиз), Россия (16 фоиз) ва Туркия (6 фоиз) қайд этилган.

Мутахассисларнинг фикрича, минтақада туризмнинг тез ўсиши тарихий шаҳарлар, тоғ ва экологик йўналишларга қизиқишнинг ортиши, транспорт қатновларининг кенгайиши ҳамда виза тартибларининг енгиллашиши билан боғлиқ.

Шу билан бирга, Марказий Осиёга келган сайёҳларнинг 29 фоизи Қозоғистон, 22 фоизи Ўзбекистон, 20 фоизи Россия ва 19 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлган.

Прогнозларга кўра, 2026-йилда туризмнинг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган ҳиссаси 21,7 миллиард долларга етиши мумкин.

economic contributionwttc reporttravel trendsvisa liberalizationcentral asiakazakhstan tourismuzbekistan tourismtourism growth