Маҳаллий

Тошкентдан Манчестерга тўғридан тўғри рейслар очилиши мумкин

Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги авиаалоқаларни кенгайтириш доирасида Тошкентдан Манчестер шаҳрига тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу масала Ўзбекистон элчисининг Манчестер Аирпорс Гроуп (МАГ) раҳбарияти билан ўтказган учрашувида кўриб чиқилди.

Тошкент ва Манчестер шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин. Бу масала Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов ва МАГ компаниясининг корпоратив масалалар бўйича директори Рис Уолли ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш ва "Тошкент – Манчестер" йўналишида тўғридан-тўғри рейсларни очиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Британия томони Манчестер аеропортининг мамлакат шимоли ва Шимолий Европадаги энг йирик транспорт-логистика марказларидан бири эканлигини таъкидлади. Ҳар йили ушбу аеропорт орқали 32 миллиондан ортиқ йўловчи ҳаракатланади ва мавжуд инфратузилма келажакда бу кўрсаткични 70 миллион нафаргача ошириш имконини беради.

Музокараларда Ўзбекистонда авиация соҳасининг жадал ривожланаётгани ва маҳаллий авиакомпанияларнинг имкониятлари кенгайиб бораётгани ушбу йўналишни очиш учун муҳим омил сифатида қайд этилди.

Рис Уолли янги авиақатнов икки давлат ўртасидаги бизнес ва туризм алоқаларини мустаҳкамлашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг Европа билан транзит авиабоғлиқлигини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. У ўзбекистонлик авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш ва лойиҳани амалга оширишда зарур кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш юзасидан яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

uzbekistandirect flightstourismbusinesstashkentmanchesterukaviation