Тошкентдаги меҳмонхона лойиҳаси меъёрларга мос келмаган, ер эса аввал мактабга тегишли бўлган — ҳокимлик
Тошкентнинг Беруний кўчасидаги меҳмонхона қурилишида котлован вертикал қазилган ва тегишлича мустаҳкамланмаган, қўшни уйгача масофа эса меъёрдан 3 метрга камроқ ажратилган, дея маълум қилди ҳокимлик. Ушбу ер олдин 243-сонли мактаб номига расмийлаштирилган, кейинчалик очиқ ауксионсиз сотиб юборилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, Олмазор туманининг Беруний кўчасида меҳмонхона қурилиши жараёнида иш технологияси, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя этилмаган. Шунингдек, лойиҳада қўшни тўққиз қаватли турар жой биносигача бўлган масофа белгиланган меъёрдан камроқ қилиб ажратилган. Бу ҳақда Газета нашрига Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Гап “Орзу” маҳалласи, Беруний кўчаси, 102-уй (илгари 43-уй) манзилидаги обьект ҳақида бормоқда. Қурилиш буюртмачиси “Донмаҳ-Имех” МЧЖ, лойиҳачи “Алекс Прожест” МЧЖ, пудратчи эса “Лост Планет” МЧЖ ҳисобланади.
Якшанба куни қурилиш ҳудудида котлованнинг бир қисми ва унинг ёнидаги вақтинчалик тўсиқ ўпирилиб тушди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, бир киши тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳокимликнинг таъкидлашича, котлован қазишда қурилиш ташкилоти ишлар технологияси ва хавфсизлик талабларига етарлича риоя этилишини таъминламаган. Натижада котлованнинг бир томонида тупроқ кўчиши юз берган, вақтинчалик тўсиқ эса ўпирилган жойга қулаб тушган.
Текширув шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларида ҳам камчиликлар борлигини аниқлади. Келишилган чизмаларга кўра, қурилаётган бино мавжуд тўққиз қаватли турар жой уйидан 12 метр масофада жойлашиши керак бўлган. Аслида эса амалдаги шаҳарсозлик меъёрлари бўйича бу масофа камида 15 метрни ташкил этиши талаб қилинади. Шу тариқа, лойиҳада назарда тутилган масофа меъёрдан 3 метрга кам бўлиб чиққан.
Бундан ташқари, лойиҳани тайёрлашда ажратилган майдон ўлчами котлованни назарда тутилган қиялик усулида қазиш учун етарли эмаслиги ҳисобга олинмаган. Тасдиқланган лойиҳага кўра, ўлчами 48 га 42 метр бўлган, иккита ертўлага эга беш қаватли бино қуриш режалаштирилган. Қияликларни қуриш учун ажратилган ҳудуд периметри бўйлаб қўшимча равишда тахминан 5 метр майдон керак бўлар эди. Бу эса турар жой ҳудудига олиб борувчи ички йўлнинг деярли ярмини эгаллаб қўярди.
Натижада котлован лойиҳада назарда тутилганидек қиялик билан эмас, балки вертикал равишда қазилган. Пойтахт ҳокимлигининг таъкидлашича, вертикал усулда қазишда ён атрофдаги бўш тупроқ қатламларини темир-бетон қозиқлар, суянч девори ёки бошқа муҳандислик иншоотлари билан мустаҳкамлаш зарур эди. Бироқ зарур чоралар ўз вақтида ва етарли ҳажмда амалга оширилмаган, бу эса котлованнинг ён деворида тупроқ кўчишига олиб келган.
Ҳозирда “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ, “Оғирсаноатлойиҳа” АЖ ва “ЎзГАШКЛИТИ” илмий-тадқиқот институти мутахассислари котлован деворларини мустаҳкамлаш, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ҳамда ишларни хавфсиз давом эттиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда.
Кадастр органлари маълумотларига кўра, ушбу участкада жойлашган маъмурий бинонинг бир қисми 2019-йил декабр ойида Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси ҳамда 243-сонли умумий ўрта таълим мактаби номига рўйхатдан ўтказилган. 2020-йил май ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармаси, 243-сонли мактаб ва “Донмаҳ-Имех” МЧЖ ўртасида компания томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши шарти билан олди-сотди шартномаси тузилган. Шартнома ва давлат ордери асосида обьект 2022-йил август ойида “Донмаҳ-Имех” номига расмийлаштирилган.
2023-йил ноябр ойида Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси томонидан бино ва иншоотларни реконструксия қилиш, шунингдек, қўшимча обьектлар қуришга рухсатнома берилган. Ўша йилнинг декабр ойида компания архитектура-режалаштириш топшириғини олган. Бинонинг жойлашуви ва ўлчамлари Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ищи органи томонидан 2025-йил феврал ойида маъқулланган. Экспертизанинг ижобий йиғма хулосаси эса 2026-йил январ ойида берилган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспексиясида обьект 2026-йил 19-февралда рўйхатдан ўтказилган.
Anhor.uz ёзишича, участкага оид ҳужжатлар воқеанинг яна бир томонини очади – мактаб ери очиқ ауксионсиз сотиб юборилган. Қонунчиликда давлат мулкини инвестиция мажбуриятлари билан махсус тартиб-қоидалар асосида реализация қилишга рухсат берилган. Бироқ мавжуд ҳужжатлардан обьект айнан “Донмаҳ-Имех”га қайси қарор асосида сотилгани, харидор қандай танлангани ва компания бино ҳамда участка учун қанча тўлагани номаълумлигича қолмоқда.
“Донмаҳ-Имех” 2019-йилнинг феврал ойида рўйхатдан ўтказилган. Давлат реестри маълумотларига кўра, унинг асосий фаолият тури сифатида дон, уруғ ва ҳайвонлар учун озуқалар улгуржи савдоси кўрсатилган. Компания таъсисчилари тенг улушларда Муҳаммад Мурод ўғли Ҳусанов ва Самук Салихжанович Якубов ҳисобланади, устав фонди миқдори эса 10,924 млрд сўмни ташкил этади.
Компания ўз зиммасига айнан қандай инвестиция мажбуриятларини олгани, киритилган сармоялар муддати ва ҳажми қандай бўлгани, уларнинг бажарилишини ким назорат қилгани ва таълим тизимининг собиқ обьектидан қайси асосда меҳмонхона апартаментлари қуриш учун фойдаланишга қарор қилингани номаълум. Давлат органларига олди-сотди шартномаси, обьектнинг баҳоланиши, тўлов шартлари, инвестиция мажбуриятлари рўйхати ва уларнинг бажарилгани тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича сўров юборилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг топшириғига кўра Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш инспексияси, прокуратура, Олмазор тумани ҳокимлиги ва бошқа идоралар вакилларидан иборат махсус комиссия тузилганини маълум қилган эди. Ҳудуд ўраб олинган, хавфли участкага кириш чекланган. Мутахассислар ўпирилиш сабаблари, ён-атрофдаги ҳудуд, йўл ва муҳандислик коммуникацияларининг ҳолатини ўрганмоқда.
Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192−11-моддаси (Нодавлат ташкилоти мансабдор шахсларининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
2025-йилнинг декабр ойида президент Тошкент аҳолисининг йиллик ўсиши сабабли шаҳарда 75 та мактаб ва боғча, шунингдек, 23 та спорт мажмуаси етишмаётганини айтган эди. У ҳокимларга ҳар йили жалб қилинган маблағлар ҳисобидан биттадан обьект қуришни топширган, қолган муассасалар эса инвестиция дастурлари доирасида барпо этилади.

