Маҳаллий

Тошкентнинг 10 та тумани ҳокимларига нисбатан хизмат текшируви бошланди

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги тақдимномасига асосан Тошкентдаги 12 та тумандан 10 тасининг ҳокимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади. Махсус комиссия агентлик томонидан келтирилган важларни ўрганиб чиқиши ва хулосалар тайёрлаши керак.

Тошкент шаҳрининг 10 та тумани ҳокимларига нисбатан хизмат текшируви бошланди.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтдаги 12 та тумандан 10 тасининг ҳокимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш ҳақида фармойиш берди. Ушбу фармойиш 3-август куни имзоланган.

Текширув қуйидаги туманлар раҳбарларига тааллуқли: Бектемир (Нурилла Абдураҳмонов), Миробод (Анвар Сайфиддинов), Мирзо Улуғбек (Баҳодир Ғоибназаров), Олмазор (Қудратилла Тўлаганов), Сергели (Даврон Исматов), Учтепа (Бунёд Мамаджанов), Чилонзор (Саидқаҳҳор Холхўжаев), Шайхонтоҳур (Бобур Абубакиров), Юнусобод (Аброрхўжа Саидалиев) ва Яшнобод (Бахтиёр Раҳмонқулов).

Текширувга Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг 22-июлдаги тақдимномаси асос бўлди. Текширув ҳужжатда келтирилган ҳолатларни аниқлаши ва важларни ўрганиб чиқиши лозим. Уларнинг мазмуни фармойишда очиқланмаган.

Текширувни ўтказиш учун шаҳар комиссияси тузилди. Унга Тошкент шаҳар ҳокимлиги комплаенс ва ички коррупсияга қарши назорат хизмати раҳбари Шуҳрат Турдиқулов бощилик қилди. Комиссия таркибига шунингдек, ҳоким аппарати раҳбари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари, юридик бошқарма бошлиғи ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими вакили кирди.

Комиссияга “холисона ва сифатли” текширув ўтказиш ҳамда унинг якунлари бўйича хулосаларни расмийлаштириш вазифаси юклатилди. Зарурат туғилганда, у бошқа ташкилот ва идоралар мутахассисларини жалб қилиши мумкин.

Фармойиш ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг комплаенс ва ички коррупсияга қарши назорат масалалари бўйича ўринбосари Мирмуҳаммад Мирҳамидов зиммасига юкланди.

Газета хизмат текшируви бошланишига асос бўлган тақдимнома мазмуни бўйича ҳокимлик ва Коррупсияга қарши курашиш агентлигига сўров юборди.

tashkentcorruptioninvestigationcomplianceanti-corruption agencydistrict governorsshavkat umurzoqov