Маҳаллий

Тошкентда қаровсиз қолдирилган кекса аёлнинг уйи фирибгарлик йўли билан сотиб юборилган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда

Тошкентда ёлғиз яшовчи кекса аёлнинг уйи фирибгарлик йўли билан сотиб юборилган бўлиши мумкинлиги юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.

Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи, 1940-йилда туғилган Л.Ж. исмли фуқаронинг қаровсиз қолдирилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда видео тарқалганидан сўнг, туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.

Текширув натижасида аниқланишича, Л.Ж. соғлиғи билан боғлиқ касалликлари туфайли диспансер ҳисобида турган. Унинг хонадони 2025-йил 25-сентябр куни нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси асосида бошқа шахс номига ўтказиб юборилган.

Уй-жойни бегоналаштириш вақтида аёлнинг ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англаш ва бошқариш қобилиятига оид ҳолатлар ҳамда унинг фирибгарлик қурбони бўлган эҳтимоли мавжудлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда иш бўйича барча ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга қаратилган дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда “Гламоур Голд”дан хонадон олмоқчи бўлган 300 га яқин киши уйсиз қолгани ҳамда Тошкентда харидорга 80 минг долларга тушган “дом” россиялик меросхўрники бўлиб чиққани ҳақида хабарлар берилган эди.

legal proceedingsreal estatevulnerable personselderly fraudtashkentlonelinessproperty fraudcriminal investigation