Маҳаллий

Тошкентда аномал иссиқ туфайли ерусти метроси тезлиги пасайтирилади

15-июлдан аномал иссиқ сабабли ерусти метро поездлари тезлиги соат 18:00 гача 40 км/соатгача камайтирилади. Бу&нбсп;чеклов туфайли поездлар келиши оралиғи 14 дақиқагача узайиши мумкин. Ерости йўналишлари одатдаги тартибда ишлайди.

Тошкентда аномал иссиқ сабабли ерусти метросининг ҳаракат тезлиги пасайтирилади. 15-июлдан бошлаб, ерусти йўналишларида ҳаракатланаётган метро поездларининг тезлиги ҳар куни соат 18:00 га қадар 60 км/соатдан 40 км/соатгача вақтинча чекланади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК маълум қилди.

“Юртимизда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароити ва метро поездлари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ерусти йўналишидаги темирйўл релсларининг ҳарорати белгиланган меъёрий кўрсаткичдан (+55 даража) юқори даражада қизиб кетаётгани инобатга олинди”, — дейилади метрополитен хабарида.

Шунингдек, мазкур вақтинчалик чеклов поездлар ҳаракат интервалига ҳам қисман таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли, йўналишда метро поездларнинг келиш вақти 14 дақиқагача узайиши кутилмоқда.

Ушбу чеклов фақат ерусти йўналишларида ҳаракатланувчи метро поездларга нисбатан қўлланилади ва ерости метро йўналишларига татбиқ этилмайди, дея аниқлик киритди идора.

anomal issiqob-havotoshkentxavfsizlikmetroharakat tezligicheklovtemiryo‘l