Маҳаллий

Олти ойда 18 нафар ИИВ ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этди

Олти ой ичида 18 нафар ИИВ ходими хизмат вазифасини бажариш жараёнида ҳалок бўлди. Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов жорий йилнинг 6 ойи давомида ҳалок бўлган ва жароҳатланган ходимлар ҳақида статистик маълумотларни тақдим этди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, 2026-йилнинг ўтган 6 ойи давомида 18 нафар ички ишлар органи ходими ўз хизмат вазифасини бажариш жараёнида вафот этган. Шунингдек, 78 нафар ички ишлар органи ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида тан жароҳати олган.

Вазирлик раҳбарияти номидан ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирилди. Уларнинг кўрсатган жасорати ва хизматлари беқиёс эканлиги, хотиралари эса мангу яшаши алоҳида таъкидланди.

Маълумот учун, 2025-йилда хизмат вазифасини бажариш чоғида 6 нафар ходим вафот этиб, 131 нафари жароҳатланган эди. Уларнинг сони 6 ойда 3 баравар ошган.

Жорий 2026-йилнинг 25-феврал куни тунги хизмат вақтида Миробод тумани Нукус кўчасида транспорт воситасини олиб қочиб, юқори тезликда ҳаракатланган вояга етмаган шахс ЙПХ инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборган эди. У уч кун давомида кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, 27-феврал куни шифохонада вафот этди.

toshkenthalok bo‘lishjarohatstatistik ma’lumotlariivxizmat vazifasiramazon ashropovypx inspektori