Маҳаллий

Тошкент ҳокимлиги “Қўйлиқ авенуе” можароси юзасидан муносабат билдирди: қурилиш ишларининг 53 фоизи якунланган

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Сергели туманидаги “Қўйлиқ авенуе” турар жой мажмуаси қурилиши билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди. Ҳокимликнинг маълум қилишича, қурилиш ишлари 53 фоизга якунланган ва қурувчи компания тез орада фуқаролар олдидаги мажбуриятларини бажариш бўйича аниқ жадвални тақдим этиши лозим.

Гап “Оригинал Люкс Сервис” МЧЖ томонидан Сергели тумани Қўшқўрғон маҳалласи Бешкент кўчаси 46А-уй манзилида қурилаётган мажмуа ҳақида бормоқда. Аввалроқ “Дарё” нашри ушбу лойиҳа бўйича суриштирув эълон қилган эди. Унда 500 дан ортиқ фуқаро қурувчи билан шартнома тузганига қарамай, хонадонлар белгиланган муддатда топширилмагани, шунингдек, компания мансабдорларига нисбатан фирибгарлик ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.

Ҳокимлик хабарига кўра, фуқароларнинг мурожаатларидан сўнг Тошкент шаҳар ҳокими топшириғи билан лойиҳа ҳужжатлари ва қурилиш жараёни ўрганилиб, хизмат текшируви ўтказилган. Текширув давомида 13 051 квадрат метр ер майдони қурувчига 2021-йилда ижара асосида ажратилгани аниқланган. Қурилиш учун рухсатнома 2022-йил октябр ойида олинган, Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ищи органининг хулосаси 2023-йил сентябрда берилган, ищи лойиҳа ҳужжатлари эса 2024-йил июл ойида ҳудудий қурилиш назорати органларида рўйхатдан ўтказилган.

Шу билан бирга, ҳокимлик фуқаролар билан қурувчи ўртасида тузилган шартномаларда тараф эмаслигини таъкидлади. Қайд этилишича, қурилиш ва квартираларни топшириш муддатларига риоя этиш, тўланган маблағларни қайтариш, зарарларни қоплаш ҳамда бошқа мажбуриятларга оид масалалар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган тартибда, жумладан, суд орқали ҳал этилади.

Ҳокимлик маълумотига кўра, вазиятнинг ижтимоий аҳамияти ва фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари инобатга олиниб, уй-жой харидорлари, қурувчи компания раҳбарияти, прокуратура, давлат қурилиш назорати органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар иштирокида учрашув ўтказилган. Ўрганишлар натижасида обьект қурилишининг тахминан 53 фоизи бажарилгани аниқланган. Учрашувда харидорлар қурилишнинг якунланиш муддати, лойиҳанинг молиялаштириш манбалари, компаниянинг кредит ва гаров мажбуриятлари ҳамда мавжуд чекловлар юзасидан саволларни кўтарган.

Якунда қурувчи компания яқин вақт ичида қурилиш босқичлари, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва квартираларни топшириш муддатларини ўз ичига олган аниқ жадвални тақдим этиш мажбуриятини олган. Ушбу жадвал харидорлар танишиши учун қурилиш майдонига жойлаштирилиши режалаштирилган.

Ҳокимликнинг билдиришича, масала уй-жой харидорлари, қурувчи, банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа масъул идоралар иштирокидаги навбатдаги йиғилишда яна кўриб чиқилади. Унда молиялаштириш манбалари ва фуқаролар олдидаги мажбуриятларни бажариш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан маълумот берилиши кутилмоқда. Шунингдек, вазият шаҳар ҳокимининг шахсий назоратида экани маълум қилинди.

Идора рухсат берувчи ва лойиҳа ҳужжатларининг мавжудлиги қурувчининг фуқаролар олдидаги шартнома мажбуриятларини бажарганини англатмаслигини таъкидлаб, уй-жой сотиб олаётган фуқароларга шартнома шартлари, қурувчининг молиявий ҳолати, ишбилармонлик обрўси ва аввалги лойиҳаларини синчиклаб ўрганишни тавсия этди.

consumer protectiontashkentreal estatelocal governmenthousingproject delaysconstruction disputedeveloper issues