Тожикистон қўшни давлатлардан уч баравар кўп ёнилғи сотиб олди — ОАВ

Тожикистон қўшни давлатлардан уч баравар кўп ёқилғи сотиб олди — ОАВ
"Тҳе Моссов Тимес" нашрининг Реутерс маълумотларига таяниб хабар беришича, Тожикистон июл ойида Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан июнга нисбатан уч баравар кўп ёқилғи импорт қилган. Минтақадаги қўшнилардан харид қилинган умумий ҳажм 34 минг тоннани ташкил этди.
Тожикистон Россиядан етказиб бериш ҳажми қисқаргани сабабли қўшни давлатлардан ёқилғи харидини оширган. Бу ҳолат Украинанинг нефтни қайта ишлаш заводларига (НҚИЗ) дрон ҳужумлари фонида Россияда юзага келган ёқилғи инқирози билан боғлиқ.
Реутерс манбаларининг баҳолашича, июл ойида Россиядан Тожикистонга бензин етказиб бериш июн ойига нисбатан икки бараварга — 14 минг тоннагача, дизел ёқилғиси эса 2 фоизга — 30 минг тоннагача камайган. Авиакеросин эса умуман етказиб берилмаган. Шу билан бирга, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан бензин хариди июлда 8,4 минг тоннадан 13,8 минг тоннагача, дизел ёқилғиси 2,4 минг тоннадан 17,6 минг тоннагача, авиакеросин эса 316 тоннадан 2,5 минг тоннагача ошган.
Тожикистон Транспорт вазирлиги 6-август куни ҳукумат ёқилғи етказиб беришнинг муқобил манбаларини излаётганини тасдиқлади. Асосий эътибор Қозоғистонга қаратилмоқда. Шунингдек, Хитой, Туркманистон, Эрон ва Беларус билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Вазирлик ёқилғи инқирозига "Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётлар" сабаб бўлганини маълум қилди.
Етказиб беришдаги узилишлар фонида мамлакатда АИ-92 маркали бензиннинг чакана нархи август ойи бошида литри учун 12–12,5 сомонигача (15-16 минг сўм) кўтарилди, ваҳоланки июн ойи бошида бу кўрсаткич 11–11,2 сомони эди. Дизел ёқилғиси эса 16–18,5 сомонигача (тахминан 21-24 минг сўм) қимматлашган.
Россиядан етказиб бериш ҳажмининг камайиши туфайли юзага келган ёқилғи инқирозига Тожикистондан ташқари бошқа давлатлар ҳам дуч келди. Қирғизистон Ўзбекистондан ойига 20 минг тонна нефт маҳсулотлари етказиб беришни сўради, шунингдек, қўшимча харидлар бўйича Беларус, Хитой, Озарбайжон ва Туркия билан музокараларни давом эттирмоқда. Ёқилғи импортида 95 фоиз Россияга боғлиқ бўлган Мўғулистонда эса ҳайдовчиларга бензин сотишга қатъий чекловлар жорий этилди. Украина Россиядаги номинал нефтни қайта ишлаш қувватларининг деярли ярмини (45 фоиз) ва амалдаги қувватларининг учдан бирини (33 фоиз) ишдан чиқаришга эришди.

