Иқтисодиёт

Қирғизистон Ўзбекистондан ойига 20 минг тоннага яқин нефт маҳсулоти олмоқчи

Қирғизистон Ўзбекистондан ҳар ойда 20 минг тоннага яқин нефт маҳсулотлари сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 24.kg нашри Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Касималиевнинг сўзларига таяниб хабар берди.

Касималиевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон импорт қилинган нефтни ўз заводларида қайта ишлагандан сўнг Қирғизистонга ойига тахминан 20 минг тонна нефт маҳсулотлари етказиб беришга тайёр.

Қирғизистонда бензин ва дизел ёнилғиси нархлари босқичма-босқич оширилади. Касималиевнинг таъкидлашича, мамлакат ёнилғи-мойлаш материалларининг 90 фоиздан ортиғини импорт қилади. Шу сабабли ички бозор ташқи нархлар, геосиёсий вазият ва ташиш харажатларига бевосита боғлиқ. "Ҳозирча нархларни ушлаб турибмиз, лекин улар барибир аста-секин кўтарилади", деди Адилбек Касималиев.

Унинг сўзларига кўра, Россиядан етказиб бериш аввалгига нисбатан мураккаблашган. Ҳукумат бир нечта давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда ва муқобил йўлларни изламоқда. Ҳозирда Беларусдан ёнилғи келтирилмоқда. Хитойдан ҳам биринчи партия – бешта автосистерна олиб келинган. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ёнилғини темир йўл орқали ташиш имкониятини муҳокама қилмоқда, чунки автомобилда етказиб бериш қимматга тушади.

Туркия ва Европа давлатлари билан ҳам етказиб бериш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бироқ бу йўналишлар Каспий денгизи ва бир нечта давлатлар ҳудуди орқали ташишни талаб этиб, ёнилғи нархига таъсир қилади.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари давлат дизел ёнилғиси, суюлтирилган газ ва Аи-92 бензини нархларини субсидиялашини маълум қилди. Шу туфайли улар Ўзбекистон ва Тожикистонга қараганда тахминан 20-25 сомга (0,23-0,29 доллар) арзонроқ. Бироқ нархларнинг ўсишини бюджетдан доимий равишда қоплаб бўлмайди, бунинг учун миллиардлаб сом маблағ талаб этилади.

Июл ойида Қирғизистон ҳукумати мамлакатдан нефт ва нефт маҳсулотларини олиб чиқиб кетишни бутунлай тақиқлади. Шу билан бирга, ёнилғи импортини соддалаштирди. Илгари ёнилғи экспортига қўйилган тақиқ фақат Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЁИИ) божхона ҳудудидан ташқарига тегишли эди. Энди эса бу чеклов барча йўналишларга амал қилади.

o‘zbekistonrossiyabelarusqirg‘izistonxitoyneft mahsulotlariimportyoqilg'i narxi