Тайван 2027-йилда мудофаа харажатларини 16 фоизга оширади

Тайван 2027-йилга бориб мудофаа харажатларини 16 фоизга оширишни режалаштирмоқда, бу эса мамлакат мудофаа бюджетини биринчи марта 1 триллион Тайван долларидан (31 миллиард АҚШ доллари) оширади. Бу ҳақда Реутерс агентлиги Тайваннинг расмий Сентрал Невс Агенсй маълумотларига таяниб хабар берди.
Тайван Вазирлар Маҳкамаси 20-август куни 2027-йил учун 1,1 триллион Тайван долларидан ортиқ мудофаа бюджетини тақдим этишни кўзда тутмоқда. Ушбу маблағлар қирғоқ қўриқлаш хизмати, фахрий ҳарбийлар ва махсус лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Якуний рақамлар Вазирлар Маҳкамасининг сўнгги йиғилишидан сўнг эълон қилинади. Янги бюджет, жорий йилдагидек, Тайван ялпи ички маҳсулотининг 3 фоизидан кўпроғини ташкил этади.
**Хитой таҳдиди кучаймоқда**
Тайван мудофаа харажатларини ошириш қарорини Хитойнинг оролга нисбатан ҳарбий ва сиёсий босимини кучайтираётгани фонида қабул қилмоқда. Пекин демократик бошқарувдаги Тайванни ўз ҳудудининг бир қисми деб ҳисоблайди, Тайпей эса бу даъвони қатъиян рад этиб, оролнинг келажагини фақат Тайван халқи белгилаши мумкинлигини таъкидлайди.
Хитой ҳарбийлари Тайван атрофида деярли ҳар куни операциялар ўтказади ва мунтазам равишда йирик ҳарбий машғулотлар ташкил этади. Сўнгги йилларда Пекин ўз қуролли кучларини жадал модернизация қилиб, янги авиаташувчилар, "стелс" қирувчи самолётлар ва ракета тизимларини ишлаб чиқармоқда. 2026-йил март ойида Хитой жорий йил учун мудофаа харажатларини 7 фоизга ошириб, 1,91 триллион юанга (тахминан 283 миллиард доллар) етказишини маълум қилган.
Пекин Тайван президенти Лай Чинг-тени "айирмачи" деб атайди ва у билан мулоқот қилишдан бош тортмоқда. Лай эса Тайваннинг келажаги бўйича қарорни фақат орол аҳолиси қабул қилиши мумкинлигини айтади.
**АҚШ Тайванни кўпроқ маблағ сарфлашга чақирмоқда**
Тайван мудофаа харажатларини ошириш борасида АҚШнинг босимига ҳам дуч келмоқда. Вашингтон иттифоқчилардан ўз мудофаасига кўпроқ маблағ ажратишни талаб қилмоқда.
Тайван президенти Лай Чинг-те мамлакат ҳарбий салоҳиятини кучайтириш сиёсатини фаол қўллаб-қувватламоқда. Тайван ҳукумати сўнгги йилларда ҳарбий модернизацияни асосий сиёсий йўналишлардан бирига айлантирган. Жумладан, мамлакат ўзида сувости кемаларини ишлаб чиқаришни ривожлантирмоқда.
**Тайванда йирик ҳарбий машғулотлар давом этмоқда**
Айни пайтда Тайванда ҳар йили ўтказиладиган Ҳан Куанг ҳарбий машғулотлари давом этмоқда. Лай Чинг-те 9-август куни Тайваннинг шимолидаги Таюан шаҳрида машғулотларни кузатди. У ҳар бир машғулот ҳарбийларнинг тажрибасини ошириб, уларда янада катта ишонч ҳосил қилишини таъкидлади. "Тинчлик давридаги ҳар бир пухта тайёргарлик мамлакатимиз учун барқарорлик ва кучни янада оширади", — деди Тайван президенти.
Шунингдек, Тайваннинг шарқий соҳилида ҳарбийлар ядровий, биологик ва кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларга тайёргарлик машғулотларини ўтказди. Машғулотларда кимёвий қурол қўлланган ҳолат ссенарийси моделлаштирилди. Ҳарбийлар, танклар ва зирҳли техникалар зарарсизлантирилди. Машғулотлардан мақсад бундай ҳужум содир бўлган тақдирда тезкор жавоб қайтариш ҳамда ҳарбий хизматчилар ва техникаларни имкон қадар тез фронтга қайтариш қобилиятини синашдан иборат бўлди.

