Талабалар турар жойига қабул онлайн тарзда бошланди
1 августдан олий таълим муассасалари талабалари учун талабалар турар жойига жойлашиш бўйича аризалар қабули бошланди. Аризалар my.gov.уз портали орқали қабул қилиниб, дастлаб имтиёз ва устуворликка эга талабгорлар ётоқхоналарга жойлаштирилади.

Талабалар турар жойларига жойлашиш учун онлайн ариза топшириш жараёни старт олди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 14-августдаги 376-сонли қарори билан тасдиқланган тартибга мувофиқ, талабалар 1-августдан бошлаб электрон шаклда ариза юбориш имкониятига эга бўлдилар. Дастлаб имтиёзли тоифадаги талабгорлар жойлаштирилгач, қолган бўш ўринлар умумий навбат асосида тақсимланади.
Белгиланган тартибга кўра, мавжуд ўринларнинг 55-65 фоизи 1-курс талабалари учун, 15-20 фоизи 2-курс талабалари учун, 20-25 фоизи эса 3-курс ва ундан юқори босқич талабалари учун ажратилади.
Аризалар қабули ўқув йили якунига қадар давом этади. 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига тавсия этилган абитуриентлар эса қабулнинг якуний натижалари эълон қилинганидан сўнг ариза юбориш имкониятига эга бўладилар.
Янги тартибга кўра, талабалар учун қўшимча қулайлик яратилди. Эндиликда талабалар турар жойига жойлашиш ва вақтинча рўйхатдан ўтиш жараёнлари композит (бирлаштирилган) хизмат орқали автоматик тарзда амалга оширилади. Электрон шартнома бўйича тўлов амалга оширилгач, вақтинча рўйхатдан ўтиш хизмати ҳам автоматик равишда ишга тушади ва талабага рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд варағи тақдим этилади.

