Маҳаллий

“Стандартлар блогерга ҳам, амалдорга ҳам бирдек ишлаши керак”. Мансабдорлар иши нега ёпиқ кўриляпти? Мавзу муҳокамаси

Охирги яримьилликда пойтахтнинг ўзида 700 нафардан зиёд мансабдорнинг коррупсион жинояти судда кўриб чиқилган. Айни вақтда, Ўзбекистонда яна бир неча мансабдор ҳам шундай жиноятларда айбланмоқда, аммо ишлар ёпиқ кўриляпти. Газета бу мавзуни суд вакили ва ҳуқуқ фаоли билан муҳокама қилди.

"Стандартлар блогерга ҳам, амалдорга ҳам бирдек ишлаши керак". Мансабдорлар иши нега ёпиқ кўриляпти? Мавзу муҳокамаси

Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда айрим соҳалар тизими яна бир бор кенг қамровли текширувдан ўтказилди. Бу давр мобайнида ўнлаб юқори лавозимли шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.

Хусусан, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Давлат активлари агентлиги собиқ директори Акмалхон Ортиқов ҳамда 90 миллион доллар зарар кўрилгани айтилаётган Корея ишига алоқадор Давлат хавфсизлиги хизмати Ички хавфсизлик бошқармасининг собиқ бошлиғи Алижон Ашуровнинг жиноят ишлари судларда кўрила бошланди.

Бироқ, судлар қонун билан муҳофазаланган маълумотлар мавжудлиги сабабли жараённи ёпиқ тарзда кўришга ажрим чиқарди. Бу шуни англатадики, ушбу амалдорларнинг судланиш жараёни жамоатчиликка ошкор этилмайди. Айрим ҳуқуқшунослар ва фаоллар бу ҳолатни очиқлик ва шаффофлик тамойилларига зид деб баҳолаб, судларнинг очиқ ўтказилишини ёқламоқдалар.

Газета навбатдаги суҳбатда суд ишлари доирасида жараён қонунчиликнинг айнан қайси бандлари билан ёпиқ кўрилаётгани, демократик давлатларда тескари тенденсия кузатилаётган бир пайтда бу сабаблар қанчалик асосли экани ҳамда бундай ишлар қачондан очиқ кўрилиши мумкинлигини муҳокама қилди. Суҳбатда Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов иштирок этди.

Видеони тўлиқ ҳолда ЁуТубе саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. Суҳбатнинг қисқартирилган матни эса қуйида келтирилади.

Расмий вакил Турсунали Акбаровнинг маълумот беришича, 2026-йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳар судлари томонидан 451 та жиноят иши бўйича 727 нафар мансабдорга ҳукм ўқилган. Улардан 3 нафари оқланган, қолганларига айбдорлик даражасидан келиб чиқиб жазо белгиланган.

"Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан 18 нафар шахсга нисбатан 15 та жиноят иши кўрилган. Шундан судланувчиларнинг бир нафари оқланган, 17 нафарига қонун доирасида суд ҳукми билан жазо тайинланган. Жазо тайинланганларга қўшимча 45-модда (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ҳам қўлланган. Яъни бунда суд томонидан айбдор деб топилган шахс маълум муддат, дейлик, уч йилгача ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади", – дейди Акбаров.

Коррупсион жиноятлар туркуми анча кенгайган. Илгари фақат ишлар Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) ва 211-моддаси (Пора бериш) атрофида бўлган бўлса, эндиликда:

"15 та модда коррупсион жиноятлар туркумига киритилган бўлса, йилнинг илк олти ойида Тошкент шаҳрининг ўзида 451 та жиноят иши бўйича 727 нафар шахсга нисбатан шундай ишлар кўриб чиқилган. Бу – судга келиб тушган ишлар, терговдагиларга биз аралашмаймиз. Гумондор ёки айбланувчи мақомидаги шахслар тергов органида, ҳали судга чиқмаган бўлади. Судга чиққанлар бўлса, судланувчи ҳисобланади", – деди у.

Қўшимча қилинишича, ҳукм чиқарилган амалдорларнинг 68 нафари аёллар, 180 нафари 30 ёшгача бўлган шахслар, 27 нафари 60 ёшдан ўтганлар ва 10 нафари чет эл фуқароси ҳисобланади.

Жиноят кодексининг 55-моддасига мувофиқ бир нечта ҳолатлар учун жазо енгиллаштирилиши белгиланган. Турсунали Акбаров, шунга асосан, етказилган зарарни қоплаган мансабдорларга озодликдан маҳрум қилиш эмас, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки жарима қўлланганини айтиб ўтди. Таъкидланишича, уларнинг сони анча. Суҳбат давомида бу рақам ошкор қилинмади.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, амалдорлар жинояти билан боғлиқ ишлар фақат ҳозир эмас, балки анчадан бери ёпиқ тарзда кўриб келинади. Фаолнинг фикрича, жараён ҳуқуқий эмас, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан квалификация қилинмоқда.

"Бунга мисол тариқасида Рашиджон Қодиров (собиқ бош прокурор – таҳр.) бощилигидаги Бош прокуратура, Давлат хавфсизлиги хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев даражасидаги ишларни айтиш мумкин. Умуман, вазирлар, ҳукумат аъзолари иштирокидаги ишларнинг деярли ҳаммаси ёпиқ кўрилган.

Расмийлар давлат сири ёки бошқа важлар билан судлар ёпиқ ўтганини асослайди, лекин бу аслида ҳукумат иддао қилаётган очиқлик, ошкоралик, шаффофлик сиёсатига унчалик ҳам мос келмайди".

"“Офис иши"ни олайлик, унда ҳам таниқли бор эди. Масалан, Президент администрацияси ходими [Комил] Алламжоновга нисбатан қандайдир ҳодисалар бўлганди, лекин бу ишлар ҳам ёпиқ ўтди. Айни кунда Ички ишлар вазирлигининг 30 га яқин амалдори айбланяпти. Буларнинг иши ҳам гўёки давлат сирлари билан боғлиқ сабаблар билан ёпиқ кўриляпти".

"Бу ерда мақсад воситани оқламаяпти. Нима учун? Чунки шаффофлик нуқтаи назаридан давлат ёки корпоратив сирлар чиқиши мумкин бўлган жойларни суд ажрим қилиб, алоҳида ёпиқ тарзда, қолганини эса очиқ кўриши ҳам мумкин эди", – дейди Ташанов.

Суҳбатдош қонун билан муҳофазага олинган маълумотлар очилмаслигига ҳеч кимнинг қаршилиги йўқлигини, аммо бу суд мажлисининг тўлиғича ёпиқ кўрилишига асос бўлмаслигини билдирди. Унинг фикрича, айни ҳолатдан манфаатдор тарафлар бўлиши мумкин.

"Кейинги пайтларда яна битта тенденсия кетяпти: адвокатларимизнинг ўзлари мижозлари билан келишган ҳолда гўёки „судланувчилар жамоатчиликка кўриниш беришни хоҳламаяпти“ деган важ билан илтимоснома киритяпти ва судлар ҳам худди баҳона керакдек жараённи ёпиб қўйяпти. Лекин бу аслида коррупсиявий жиноятда айбланаётган шахсларнинг жуда узвий ҳуқуқлари эмас, яъни бунда жамоатчиликнинг ҳуқуқи устуворроқ. Улар бизнинг солиқларимиз эвазига бола-чақа боққан; бизнинг нонимизни ўғирлаган, чўнтагимизга қўл тиққан. Шунинг учун биз уларнинг суд ишини очиқ кузатишимиз керак", – деди респондент.

Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров Абдураҳмон Ташановнинг фикрларига нисбатан "тафаккурдан кўра тасаввурларга асосланиб гапирилаётганини" айтиб, раддия билдирди.

Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига биноан судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши тартиби белгиланган. Унга кўра, барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилади, давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар, шунингдек жинсий жиноятларга оид ишлар бундан мустасно.

Турсунали Акбаровнинг айтишича, суднинг ёпиқ ўтиши бўйича ажрим чиқарилгач, у муҳокама қилинмайди, унга нисбатан фақат шикоят киритиш мумкин.

"Суднинг ёпиқ ўтиши ҳақида судя ажрим чиқаришдан аввал тарафларнинг шу мазмунда тушган илтимосномасини тарафлар иштирокида муҳокама қилиб, кейин қабул қилади. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида жамоатчилик эътиборидаги 4 та суд ишлари кўриб чиқиляпти. Шулардан биринчиси – ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва бошқаларга оид иш жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди судяси томонидан жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди биносида кўриляпти. Иккинчиси – жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ директори Акмалхон Ортиқов ва бошқаларга оид иш. Учинчиси – жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида Алижон Ашуров ва бошқаларга оид иш. Тўртинчиси – “Ўзбекнефтгаз"нинг собиқ раҳбари ва бошқаларга оид суд иши. Бу “Ўзбекнефтгаз” мансабдорларига нисбатан кўрилаётган иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқиляпти. Қолган учтаси ёпиқ. Лекин учаласининг ҳам муҳокамаси очиқ суд мажлисида бўлиб ўтган", – дейди Акбаров.

Маълумотларга кўра, Ички ишлар вазирлиги мансабдорлари, жумладан, Бекмурод Абдуллаевга оид ишнинг ҳажми 368 жилдни ташкил этади, ундаги етказилган зарар миқдори катта (қанчалиги очиқланмади). 30 нафар судланувчидан 19 нафарига қамоқ, қолганларга гаров, тилхат, муносиб хулқ-атворда бўлиш каби эҳтиёт чоралари қўлланган.

Айни жиноят иши ёпиқ кўрилишига 3 та асосий сабаб келтирилмоқда: бунга давлат харидлари, жазони ижро этиш муассасалари, қолаверса, шахсга доир маълумотлар борлиги сабаб бўлган. Адвокатларнинг илтимоси муҳокама қилингач, судя ишни ёпиқ кўриш бўйича ажрим чиқарган.

Акбаров буни асосли деб билишини таъкидлади.

"Хоҳлаймизми-йўқми, ёпиқ маълумотлар ошкор этилиши давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам манфаатларига путур етказиши мумкин", – деди суд вакили.

Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқовга оид иш эса ёпиқ ауксионлар билан боғлиқ, ундаги маълумотлар ҳам ошкор қилинмаслиги асосий сабаб сифатида кўрсатилди.

"Биласизлар, ёпиқ ауксион ўтказилишининг ўзига яраша қонуний тартиблари бор. Бу ерда ҳам маълумотлар ёпиқлиги бўлади. Қолаверса, ёпиқ ауксионлар давлат стратегик аҳамиятига эга, хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ обьектларга оид иш ҳисобланади. Қолаверса, бу ауксионларда фақат аввалдан маълум бўлган, белгиланган шахсларгина иштирок этади. Демак, бу ерда маълумотларни муҳофаза қилиш масаласи ҳам бор. Шундан келиб чиқиб, бу иш ҳам ёпиқ суд мажлисида кўрилиши белгиланган", – деди Акбаров.

Расмийнинг таъкидлашича, миграцияга оид жиноят иши алоҳида иш юритувига олинган, 4 нафар судланувчига нисбатан алоҳида тергов қилиниб, шундан сўнг иш ҳужжатлари судга оширилган. Бунда пора олиш (210-модда)дан ташқари, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (243-модда) аломатлари борлиги ҳам кўзда тутилган.

"Биласизлар, ҳамма давлатда, жумладан, бизда ҳам ҳарбий соҳага оид маълумотлар ёпиқ маълумот ҳисобланади ва бу қонун билан муҳофаза қилинади. Мана шу асослардан келиб чиқиб, учала судда кўрилаётган жиноят ишлари бўйича олиб борилаётган суд мажлислари ёпиқ шаклида ўтказилиши белгиланди. Бу – қонун талаби", – деди Акбаров.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

uzbekistanlegal reformhuman rightsstate secretscorruption trialsclosed court proceedingsjudicial transparencyofficial misconduct