Сирдарёда «Каптива» юк машинаси билан тўқнашди
ЙТҲга юк машинаси қайрилиб олиш қоидасини бузгани сабаб бўлган. Тўқнашув оқибатида ёнғин чиқиб, «Каптива»даги уч киши ҳалок бўлган.

Сирдарёда «Каптива» ва юк машинаси иштирокида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди
9-август куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги «Пахтакор» МФЙ ҳудудида оғир йўл-транспорт ҳодисаси юз берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда М-34 автомобил йўлининг Тошкент-Янгиер йўналишида содир бўлган тўқнашув натижасида кучли ёнғин келиб чиққани кўрсатилган.
Kun.uz манбасининг хабар беришича, Мирзаобод туманидаги хусусий компанияда ишловчи Хитой фуқароси бошқарувидаги ШАСМАН русумли юк машинаси йўлнинг иккинчи бўлагидан орқага қайрилмоқчи бўлган. Бироқ, у биринчи бўлакда ҳаракатланиб келаётган «Каптива» автомобилига йўл бермасдан бурилган ва натижада тўқнашув содир бўлган.
Тўқнашувдан сўнг «Каптива» дарҳол аланга ичида қолган, воқеа жойига ўт ўчириш бригадалари чақирилган.
Ушбу ҳодиса оқибатида енгил автомобилда бўлган уч нафар шахс – ҳайдовчи ва икки йўловчи воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Юк машинаси ҳайдовчисининг аҳволи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Айни дамда ушбу ЙТҲ юзасидан расмий маълумот берилмаган – тегишли идоралар Kun.uzънинг бу борадаги сўровларини жавобсиз қолдирмоқда.

