Спорт

Синдоров Жьеневада Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс олиб боради

Баҳс 25 ноябр-15 декабр кунлари ўтказилади. Улар шахмат тожи учун курашадиган энг ёш шахматчилар сифатида тарихга киришади.

Синдоров Жьеневада Гукешга қарши шахмат тожи учун курашади

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров ва ҳозирги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ўртасидаги шахмат тожи учун беллашув Швейцариянинг Жьенева шаҳрида бўлиб ўтади.

Ушбу баҳс 25-ноябрдан 15-декабргача давом этади. Бу вақтда Гукеш ва Синдоровларнинг иккаласи ҳам 20 ёшда бўлади, шу тариқа улар жаҳон шахмат тожи учун курашган энг ёш шахматчилар сифатида тарихга киришади.

ФИДЕ президенти вазифасини бажарувчи Вишванатан Ананднинг сўзларига кўра, "Жаҳон чемпионлиги учун ўтказиладиган учрашувга мезбонлик қилишга бир нечта давлат, хусусан, Ҳиндистон, АҚШ ва Кипр қизиқиш билдирди. Барча таклифлар синчиклаб кўриб чиқилганидан сўнг ФИДЕ учрашувни нейтрал ҳудуд – турли халқлар ва маданиятларни бирлаштирган Жьенева шаҳрида ўтказишга қарор қилди. Биз Швейцарияда жаҳон шахмат жамоатчилигини кутиб олиш имкониятини интиқлик билан кутмоқдамиз. Маҳаллий шахмат мухлислари жаҳон даражасидаги партияларни жонли тарзда томоша қилиш имконига эга бўладилар, бутун дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар эса олий шахмат унвони учун кечадиган баҳсни онлайн тарзда кузатишлари мумкин".

Синдоров апрел ойида Кипрда ўтказилган даъвогарлар турнирида муддатидан олдин ғалаба қозонган эди. Гукеш эса 2024-йил декабр ойида хитойлик Дин Лиженни мағлуб этиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

o‘zbekistonjahon chempionatisportfideshaxmatjavohir sindorovgukesh dommarajujyeneva