Дунё

Шри Ланкада собиқ полиция бошлиғи ва мудофаа амалдори ўлим жазосига ҳукм қилинди

Шри Ланкада собиқ полиция бошлиғи Пужит Жаясундара ва Мудофаа вазирлигининг собиқ котиби Хемасири Фернандо 2019-йилги Пасха байрамида содир этилган терактларнинг олдини олмаганликлари учун ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Реутерс маҳаллий ОАВга таяниб хабар берди.

Суд уларни терактлар тайёрланаётгани ҳақида етарли разведка маълумотлари мавжуд бўлишига қарамай, ҳужумларнинг олдини олиш учун зарур чораларни кўрмаганликда айбдор деб топди. Прокуратуранинг таъкидлашича, улар ҳужумлар содир бўлиши мумкинлигидан хабардор бўлган, аммо хавфсизлик чораларини кучайтириш ва тегишли идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича хизмат вазифаларини бажармаган.

Бош прокуратура ҳар икки собиқ амалдорга нисбатан 855 та айблов банди киритган. Маҳаллий Невс 1ст телеканалининг хабарига кўра, Хемасири Фернандо 855 та айбловнинг 854 таси бўйича айбдор деб топилган. Айбловлар хизмат вазифасини жиноий тарзда бажармаслик, қотилликка кўмаклашиш, қотиллик ва қотилликка уриниш ҳолатларини ўз ичига олган.

Қайд этиш жоизки, 2022-йилда уч нафар судядан иборат Олий суд ҳайъати томонидан айни айбловлар бўйича икки собиқ амалдор оқланган эди. Бош прокурор бу қарор қонунга зид эканини билдириб, Олий судга шикоят қилган. Олий суд қуйи инстансия айбланувчилардан ҳимоя далилларини тақдим этишни талаб қилмасдан уларни оқлаш орқали ҳуқуқий хатога йўл қўйган деган хулосага келиб, ишни қайта кўриб чиқишни буюрган. Янги суд жараёни 2026-йил март ойида бошланган.

Шри Ланка қонунчилигида ўлим жазоси сақланиб қолган бўлса-да, мамлакатда узоқ йиллардан буён қатл амалга оширилмаган. Реутерсъга кўра, ўлим жазоси одатда умрбод қамоқ жазосига алмаштирилади.

2019-йил 21-апрел куни Шри Ланкадаги учта черков ва учта меҳмонхонада кетма-кет портлашлар содир этилган. Ҳужумлар оқибатида 279 киши ҳалок бўлган ва қарийб 500 киши яраланган. Бу терактлар мамлакатнинг яқин тарихидаги энг қонли ҳужумлар сифатида қайд этилган. Портлашларда жароҳатланганларнинг кўпчилиги оролдаги насроний озчилик вакиллари бўлган. Полиция ҳужумларга алоқадор барча гумонланувчиларни қўлга олган.

2024-йилда президентликка сайланган Анура Кумара Диссанаяке мазкур воқеалар билан боғлиқ қонунбузарликлар учун масъулларни жавобгарликка тортишга ваъда берганди.

o'lim jazosisud qarorishri lankateraktlarpasxa hujumlarisobiq amaldorlarjavobgarlikadliya