Саудия ҳибсдаги қарийб 2000 эфиопияликка амнистия эълон қилди

Саудия Арабистони ҳибсда ушлаб турилган 2000 га яқин Эфиопия фуқаросига амнистия эълон қилди. Бу ҳақда Эфиопия Ташқи ишлар вазирлигининг 13-июлдаги баёнотига асосланиб, Миддле Эаст Эе хабар берди.
Эфиопия ҳукумати тегишли қарордан сўнг 1971 нафар фуқаросини ватанга қайтариш жараёнини бошлади. Ушбу эълон июл ойининг бошида Миддле Эаст Эе (МЕЕ) нашрида эълон қилинган мақоладан кейин пайдо бўлди. Мақолада Саудия Арабистонида ўлим жазосига ҳукм қилинган эфиопияликларнинг оғир аҳволи ҳақида сўз юритилган эди.
Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги наркотик моддалар билан боғлиқ кичик айбловлар туфайли ушланган. Улар орасида шарқий Африкада кенг тарқалган, аммо Саудия Арабистонида тақиқланган енгил стимулятор — кат (кҳат) ўсимлиги топилган.
Эфиопия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида қироллик афви “узоқ муддатли дипломатик ва консуллик саъй-ҳаракатлари” натижасида амалга оширилгани таъкидланган. Вазирлик Саудия ҳукумати билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди. Шунингдек, суд жараёнлари давом этаётган бошқа эфиопияликлар масаласида ҳам ҳамкорлик давом этмоқда.
Ҳозирда Саудия Арабистонининг Хамис Мушайт ҳибсхонасида юзлаб эфиопиялик маҳбуслар ўлим жазосини кутмоқда. Амнестй Интернатионал ташкилотининг сўнгги ҳисоботига кўра, Саудия ҳукумати 2026-йилда деярли 100 кишини қатл қилган, улардан камида 61 нафари наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жазоланган. Қатллар одатда қилич билан амалга оширилади.
Миграциянинг сабаблари ва хавфлари ҳақида айтадиган бўлсак, Эфиопияда ишсизлик даражаси юқори, уруш сабабли иқтисодиётнинг қулаши ва тинимсиз можаролар ёшларни, айниқса, Тиграй вилояти вакилларини Саудия Арабистонига кетишга мажбур қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича эфиопиялик эксперт Яред Хайлемариамнинг фикрича, ёшлар мамлакатдаги сиёсий беқарорлик ва иқтисодий инқироз туфайли қочиб кетмоқда. Шунингдек, кўплаб ёшлар мажбурий равишда ҳарбий тайёргарликка жалб этилиб, урушга юборилмоқда.
Бироқ кўплаб эфиопияликлар Саудия Арабистонига келгач, у ердаги қатъий қонунлар қурбонига айланади. Яқинда Саудияда қатл этилган Кибром исмли йигитнинг отаси ўз дардини шундай ифодалади: “Ота учун ўғлининг ўлимини, айниқса, қандай қатл этилганини эшитиш жуда оғир бўлди. Унинг ўлими билан менинг бир қисмим ҳам ўлди”, деди у.
Аввалроқ Саудия Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳисобрақамларга пул ўтказмаларини кечиктираётгани ёки блоклаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу ҳолат Форс кўрфазидаги икки қўшни давлат ўртасидаги сиёсий ихтилоф эндиликда ўзаро савдо алоқаларига ҳам таъсир қилаётгани ҳақидаги хавотирларни кучайтирди.

