Спорт

Самарқандда Халқаро шахмат федерациясининг янги раҳбари сайланади

ФИДЕ президентлиги учун Қозоғистон шахмат федерацияси президенти Тимур Турлов, германиялик тадбиркор Ян Хенрик Бюттнер ва Германиянинг “ВР Чесс” шахмат жамоаси асосчиси Вадим Розенштейн кураш олиб боради.

Самарқандда Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) янги раҳбарини сайлаш жараёни 26-27 сентабр кунлари бўлиб ўтади.

Бу сайлов ФИДЕ Бош Ассамблеяси доирасида ташкил этилади, унда дунёнинг 200 га яқин миллий шахмат федерациялари вакиллари иштирок этади.

Ушбу муҳим воқеа 15-27 сентабр кунлари Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтга тўғри келади ва навбатдаги ФИДЕ Конгрессининг асосий қисми ҳисобланади. Икки ҳафта давомида Самарқанд минглаб спортчилар, расмий шахслар ва миллий федерациялар вакилларини қабул қилиб, жаҳон шахматининг марказига айланади.

2018-йилдан бери федерацияни бошқариб келаётган ва 2022-йилда қайта сайланган ФИДЕ президенти Аркадий Дворкович июл ойида Европа Иттифоқи томонидан унга нисбатан санксиялар қўлланилганидан сўнг ўз ваколатларини вақтинча тўхтатган эди. Ҳозирда президент вазифасини ФИДЕ раҳбари ўринбосари, беш карра жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик шахматчи Вишванатан Ананд бажармоқда.

Айни пайтда президентлик лавозимига уч нафар номзод рўйхатга олинган: Қозоғистон шахмат федерацияси президенти Тимур Турлов (вице-президентликка номзод – Вишванатан Ананд), германиялик тадбиркор Ян Хенрик Бюттнер (британиялик шахмат арбоби Малколм Пейн) ва Германиянинг “ВР Чесс” шахмат жамоаси асосчиси Вадим Розенштейн (сингапурлик тадбиркор Гордон Тан).

ФИДЕ низомига кўра, президентни миллий шахмат федерацияларидан ташкил топган Бош Ассамблея сайлайди. Ҳар бир федерация битта овозга эга бўлиб, овоз бериш яширин тарзда ўтказилади ва энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб деб топилади.

samarqandworld chess olympiadarkadiy dvorkovichcandidatesfide president electionchess federationsviswanathan anandchess politics