Самарқанд 200 га яқин давлат шахматчиларини қабул қилади
Жорий йилнинг 15–27 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Халқаро шахмат федерациясининг (ФИДЕ) 46-Жаҳон шахмат олимпиадаси бўлиб ўтади. Нуфузли мусобақада дунёнинг 200 га яқин миллий терма жамоаси иштирок этиши кутилмоқда.

Самарқанд 200 га яқин мамлакат шахматчиларини қабул қилишга тайёрланмоқда.
Баҳрайннинг Алаям газетаси хабарига кўра, Марказий Осиё тарихида илк бор Ўзбекистон Жаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилади. Ушбу нуфузли мусобақа Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтади ва бу мамлакатнинг йирик халқаро спорт тадбирларини ўтказиш салоҳиятини яна бир бор исботлайди.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг шахмат соҳасидаги муваффақиятлари Президент Шавкат Мирзиёев бощилигида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва шахматни оммалаштиришга қаратилган узоқ муддатли сиёсатнинг натижасидир. Бу сиёсат халқаро миқёсда рақобатлаша оладиган янги авлод шахматчиларини етиштиришга хизмат қилмоқда.
Мақолада қайд этилишича, Шахмат олимпиадаси 2026-йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган энг йирик халқаро спорт тадбирларидан биридир. Бундан ташқари, кузда Тошкентда сув спорт турлари бўйича Жаҳон кубоги ва стол тенниси бўйича Осиё чемпионати, ноябр ойида эса самбо ҳамда дзюдо бўйича жаҳон чемпионатлари ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

