Россия ва Сурия ҳарбий базалар бўйича янги келишувга эришди

Россия ва Сурия ҳарбий базалар бўйича янги келишувга эришди. Дамашқ ва Москва Россиянинг Суриядаги ҳарбий мавжудлигини қайта ташкил этиш бўйича меморандум имзолади. Бу ҳақда САНА Сурия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.
Келишувга кўра, Ҳмеймим аеропорти ва Тартус портидаги тижорий обьектлар Сурия фуқаролик бошқарувига ўтказилади, Россиянинг ҳарбий обьектлари эса қўшма Сурия–Россия ўқув марказларига айлантирилади.
Сурия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Дамашқ Ҳмеймим аеропорти ва Тартус портидаги 4-сонли савдо кемалари бандаргоҳини фуқаролик бошқарувига олади. Кейинчалик бу обьектларни мамлакатнинг фуқаролик инфратузилмасига босқичма-босқич интеграция қилиш режалаштирилган.
Томонлар ҳозирда ҳарбий мақсадларда фойдаланилаётган обьектларнинг ролини ҳам қайта кўриб чиқишга келишган. Россия ҳарбий базалари икки давлат манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда Сурия–Россия қўшма машғулот марказларига айлантирилади.
Янги келишувлар уч ойдан ошмайдиган ўтиш давридан сўнг кучга киради. Сурия ТИВ келишув Дамашқ ва Москва ўртасидаги бир ярим йил давом этган музокаралар якуни эканини маълум қилди.
Россия расмийлари ҳозирча ушбу маълумот юзасидан изоҳ бермаган.
**Россиянинг Суриядаги асосий ҳарбий обьектлари**
Ҳозирда Россия Суриянинг Латакия вилоятидаги Ҳмеймим авиабазаси ҳамда Тартусдаги Россия ҳарбий-денгиз кучларининг моддий-техник таъминот пунктини назорат қилади.
Россиянинг асосий иттифоқчиси бўлган Башар Асад режимининг ағдарилиши Москванинг янги Сурия ҳукумати билан ҳамкорлиги тақдирини савол остида қолдирганди.
2025-йил январида Сурия ҳукумати Россиянинг Тартус портини бошқариш бўйича компанияси билан тузилган келишувни бекор қилган эди. Мазкур порт ҳудудида Россиянинг ҳарбий-денгиз базаси жойлашган.
2025-йил октабр ойида эса Сурия президенти Аҳмад аш-Шараъа Москвага ташриф буюриб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашган эди. Учрашув давомида у Суриянинг янги ҳукумати Россия билан аввал имзоланган барча келишувларни ҳурмат қилишини билдирганди.

