Сиёсат

Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий ҳамкорликни янгиламоқчи

Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий ҳамкорликни янгилаш ниятида.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ҳукуматга Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик шартномаларига ўзгартиришлар киритиш бўйича музокараларни бошлашни топширди. Бу ҳақда Тҳе Инсидер хабар берди.

Тегишли иккита фармойиш 27-июл куни имзоланган ва расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган. Улар Қозоғистон билан 2013-йил 24-декабрдаги шартнома ва Ўзбекистон билан 2016-йил 29-ноябрдаги шартномага тааллуқлидир.

Амалдаги шартномалар нафақат Россия қуролларини ушбу мамлакатларга сотишни, балки ҳарбий маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни ҳам тартибга солади. Унга қурол-яроғ, ҳарбий техника, ишлар ва хизматлар, ҳарбий-техник ахборот, технологиялар, конструкторлик, шунингдек, техник, технологик ва фойдаланиш ҳужжатлари киритилган. Битимлар қурол-яроғларни таъмирлаш ва модернизация қилиш, ўзаро тадқиқот ва ишланмалар, қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва мутахассислар тайёрлашни назарда тутади.

Ҳар иккала шартнома бўйича етказиб беришлар ваколатли ташкилотлар ўртасидаги шартномалар асосида амалга оширилади. Ҳарбий маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш томонларнинг давлат органлари томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида амалга оширилади. Шартномалар қурол-яроғ, бутловчи қисмлар ва улар билан боғлиқ хизматларни нафақат Россиядан Қозоғистон ва Ўзбекистонга, балки тескари йўналишда ҳам етказиб бериш имконини беради.

Маълумот ўрнида, Украинага қарши уруш сабабли Европа Иттифоқи Россияга қурол-яроғ, ҳарбий маҳсулотлар, икки мақсадли товарлар, жумладан, электрон ва оптик компонентлар, двигателлар ва дрон қисмлари экспортини тақиқлаган. АҚШ, Россия ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган технологиялар, дастурий таъминот ва ускуналарни етказиб бериш ва қайта экспорт қилишга чекловлар ўрнатган.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Япония қурол ишлаб чиқариш учун Россия сотиб олишга уринаётган 50 тоифадаги товарлар рўйхатини тузиб чиққан. Унга микросхемалар, радионавигация аппаратлари, конденсаторлар, оптик асбоблар, подшипниклар, учиш аппаратларининг деталлари ва айрим турдаги станоклар киради.

Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Украина Ўзбекистондаги иккита компанияга, Рав Материалс Селлулосе ва Фарғона кимё заводига қарши санксиялар киритганди. Мазкур компанияларнинг пахта селлюлозасидан Россия Қуролли кучлари учун қурол ишлаб чиқаришда фойдаланилгани айтилган.

sanksiyalarputinharbiy hamkorlikqurol savdosimudofaa sanoatio‘zbekistonrossiyaqozog‘iston