Қозоғистон ўзбекистонлик блогерни халқаро қидирувга берди

Қозоғистон ўзбекистонлик блогер Маҳмуд Ҳикматовни, интернетда Maxa.dxb номи билан танилган шахсни халқаро қидирувга берди. Бу ҳақда ҳукуматнинг расмий веб-сайтида маълум қилинди.
2000-йилда Ўзбекистонда туғилган Ҳикматов ноқонуний онлайн-казино рекламаси билан боғлиқ гумонлар остида. Суд унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини белгилаган. У ҳақидаги маълумот учун мукофот ва маълумот берувчининг шахси сир сақланиши ваъда қилинмоқда.
Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги хабарига кўра, мамлакатда қимор ўйинлари интерфейсини яратиш, тўловларни эквайринг, мобил ўтказмалар ва криптовалюта орқали қайта ишлаш ҳамда фойдаланувчиларни жалб қилишга қаратилган реклама схемаси фаолият юритган.
Ҳикматов казиноларни тарғиб қилиш учун қозоғистонлик блогерларни жалб қилишга масъул бўлган. У улардан реклама нархини белгилаш мақсадида ижтимоий тармоқ статистикаси – демография, обуначилар географияси ва аудитория қамровини сўраган. Тергов маълумотларига кўра, у жами 35 дан ортиқ блогерни ноқонуний фаолиятга жалб қилган.
Ушбу схема иштирокчиларидан бири блогер Қамза Қ. бўлиб, у ўзининг машҳурлигидан фойдаланиб, казиноларга реферал ҳаволаларни жойлаштирган ва фойдаланувчиларнинг ўтишлари учун мукофот олган. У 6-август куни Вьетнамдан экстрадиция қилинган эди.

