Қўйлиқ деҳқон бозори фаолияти қисман чекланди

Қўйлиқ деҳқон бозорининг фаолияти қисман чекланди
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси хабарига кўра, 5-август куни Тошкентнинг Бектемир туманида жойлашган Қўйлиқ деҳқон бозорининг бир қисми электр таъминотидан узилди.
Давлат ёнғин назорати томонидан ўтказилган текширувлар натижасида бозор ҳудудида ёнғин хавфсизлиги талабларининг бир қатор бузилишлари аниқланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу камчиликлар ёнғин келиб чиқиши ҳамда фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига хавф туғдириши мумкин.
Шу сабабли бозор ҳудуди электр таъминотидан қисман узилган. Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасининг маълум қилишича, ушбу чора йирик ёнғинларнинг олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Бозор маъмурияти томонидан аниқланган барча камчиликлар бартараф этилгач, ҳудуднинг электр таъминоти тикланади ва бозор фаолияти тўлиқ қайта йўлга қўйилади.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан назорат тадбирлари пойтахтнинг бошқа ҳудудлари ва республика бўйлаб давом эттирилишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 8-апрел куни Тошкентнинг Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Яшнобод туманларида жойлашган йирик бозорларда ҳам давлат ёнғин назорати текширувлари ўтказилган эди. Чилонзор буюм бозори, Эски Жува деҳқон бозори ҳамда Авиасозлар деҳқон бозорида бир қатор жиддий камчиликлар аниқланган. Жумладан, очиқ ҳолатда қолган электр симлари, ёнғин хавфини оширувчи носоз ҳолатлар, ёнғин ўчириш тизимларининг ишламаслиги ёки баъзи жойларда умуман мавжуд эмаслиги қайд этилган. Аниқланган камчиликлар асосида бозорларнинг айрим ҳудудлари электр таъминотидан вақтинча узилган.

