Қирғизистонда чақирув ёшидагиларнинг 70 фоизи ҳарбий хизматга яроқсиз экани аниқланди

Қирғизистонда ҳар йили чақирув ёшидаги йигитларнинг 70 фоизи ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилмоқда. Бу маълумот "Ёшларни ҳарбий хизматгача тайёрлаш тизимини 2030-йилгача ривожлантириш консепсияси" лойиҳасида келтирилган бўлиб, у жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳа муаллифларининг фикрича, бу кўрсаткич аҳолининг умумий жисмоний саломатлиги даражаси пасайганидан далолат беради. Шунингдек, Қуролли кучлар ва ҳарбий хизмат назарда тутилган бошқа давлат органларининг ҳарбий тузилмаларида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сони ортганлиги қайд этилган.
Ҳужжатда таъкидланишича, республикадаги фуқароларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими ёшларда ватанни ҳимоя қилишни муқаддас бурч деб билиш ва ҳарбий хизматга ижобий муносабатни шакллантириш талабларига тўлиқ жавоб бермаяпти. Гарчи етарли ҳуқуқий база мавжуд бўлса-да, фуқароларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ёшларни Қирғизистон Қуролли кучларида хизмат қилишга тайёрлаш бўйича ягона тизим ҳали яратилмаган.
Бундан ташқари, умумтаълим мактабларининг деярли ярмида ёшларни чақириққа тайёрлаш (ЙЧТ) хоналари йўқ. Мавжуд ЙЧТ хоналарининг 80 фоиздан ортиғи эса тўлақонли машғулотлар ўтказиш учун зарур техник ва ўқув воситалари билан таъминланмаган.
Деярли барча умумтаълим мактабларида асосий ўқув қуроллари етишмайди. Буларга компютерлар, принтерлар, интерактив доскалар, ўқув қуроллари, ўқув гранаталари, компаслар, пневматик милтиқлар, газниқоблар, умумҳарбий ҳимоя тўпламлари, ёмғирпўшлар, тиббиёт қутилари, замбиллар, тиббий сумкалар, ЙЧТ бўйича дарсликлар, ўқув плакатлари ва бошқа анжомлар киради.
Аксарият мактабларда ўқувчиларга пневматик милтиқдан амалий отиш машқларини ўтказиш учун зарур бўлган тирлар ҳам мавжуд эмас. Аввалроқ Эстонияда 2040-йилгача аёллар учун мажбурий ҳарбий хизмат жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

