Ўзбекистондан Қирғизистонга кўчирилган қишлоқ аҳолисига фуқаролик берилади

Ўзбекистондан Қирғизистонга кўчирилган қишлоқ аҳолисига фуқаролик берилади. Қирғизистон президенти администрацияси “24.kg” нашрига маълум қилишича, Ўзбекистон билан чегаралар алмашинуви натижасида Қирғизистон таркибига ўтган Чўнғара қишлоғи аҳолисига фуқароликни расмийлаштириш ишлари бошланди.
Ҳозирда маҳаллий аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Уларга фуқароликни олиш тартиби ва зарур ҳужжатлар ҳақида маълумот берилмоқда. Ҳужжат бериш жараёни 2026-йил охиригача якунланиши режалаштирилган. Фуқаролик олгач, аҳоли Қирғизистон паспортига эга бўлади ва барча ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари илгари Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти таркибида бўлган. Бу икки қишлоқда 2500 га яқин киши истиқомат қилади, уларнинг аксарияти этник қирғизлардир.
Аҳоли пунктларининг Қирғизистон ихтиёрига ўтиши 2026-йил июн ойи охирида маълум бўлган эди. Бу чегара ҳудудларини алмашиш ва давлат чегарасини демаркация қилиш якунлангач юз берди. Қирғизистон ҳам ўз навбатида Ўзбекистонга тенг майдондаги ер участкаларини берган.
Келишувга кўра, Сай ва Таян қишлоқлари ўртасида йўл қуриш учун умумий майдони 236 гектар бўлган ерлар ҳам алмашилган. Янги йўл Ойдаркен ва Боткен ўртасидаги масофани 225 километрдан тахминан 55 километргача қисқартириши кутилмоқда. Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон икки мамлакат фуқароларини чегарадан ўтгандан сўнг 15 кун давомида мажбурий рўйхатдан ўтишдан озод қилишга келишиб олганди.

