Ўзбекистонликлар Қирғизистонда 15 кунгача рўйхатдан ўтмасдан юриши мумкин бўлади
Янги тартиб томонлар ички давлат тартиб-таомилларини тўлиқ бажарганидан кейин кучга киради.

Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонда 15 кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида фуқароларнинг мажбурий рўйхатдан ўтиш муддатини 5 кундан 15 кунгача узайтиришни назарда тутувчи протокол имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Қирғизистон президенти шундай деди: “Чегараолди ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома, ўтказиш пунктлари ва фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги протоколлар имзоланди. Чегара масалаларини тўлиқ ҳал қилдик, ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тага оширдик, икки давлат фуқароларининг мамлакатда бўлиб туриш муддатини 15 кунгача узайтирдик”.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини давлат чегарасини кесиб ўтган вақтдан бошлаб 15 сутка давомида қабул қилувчи мамлакатнинг ваколатли органларида вақтинчалик ёки доимий рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод қилишни назарда тутади.
Янги тартиб томонлар ички давлат тартиб-таомилларини тўлиқ бажарганидан кейин кучга киради.
Жапаров, шунингдек, Андижонда Қирғиз Республикасининг бош консулхонаси очилишини ҳам маълум қилди.

