Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари кўпайтирилади
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таъкидлашича, ўтказиш пунктлари тармоғининг кенгайтирилиши фуқароларнинг ҳаракатланишини енгиллаштиради ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара ўтказиш пунктлари сони икки баробарга оширилади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълум қилди.
Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳозирги 15 та ўтказиш пункти 30 тага етказилади. Бу чора фуқароларнинг икки давлат ўртасида ҳаракатланишини сезиларли даражада осонлаштиради ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
"Ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тага ошириш бўйича келишувлар имзоланди. Энди одамлар бир-бирлариникига эркин бориши, иш юритиши, ўқиши ва дам олиши мумкин", — деди Садир Жапаров.
Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари ўз тарихидаги энг яхши даврлардан бирини бошдан кечирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни И даражали "Манас" ордени билан тақдирлаган эди. "Манас" ордени Қирғиз Республикасининг олий давлат мукофотларидан бири бўлиб, давлатчиликни ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ўзаро англашувни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.

