Маҳаллий

Қашқадарёда 6 гектар ерни хусусийлаштириб бериш эвазига 100 млн сўм сўраган шахс ушланди

Қашқадарёда 6 гектар ерни хусусийлаштириш эвазига 100 миллион сўм талаб қилган шахс қўлга олинди.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида бир фуқаронинг ишончига кириб, ижарадаги ерни хусусийлаштириб беришни ваъда қилиб, катта миқдорда пул сўраган шахс ҳибсга олинди. Бу ҳақда Қашқадарё ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, ўзини “Жавоҳир” деб таништирган Одилбой Наимов тумандоши Имрон Муродуллаевга ҳокимлик томонидан 30 йил муддатга деҳқон хўжалиги юритиш учун ижарага берилган 6 гектар ер майдонини хусусийлаштириб беришни таклиф қилган. У бу масалани туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлимида ишловчи қариндоши орқали ҳал қилиб беришини айтиб, бунинг эвазига 100 миллион сўм талаб қилган.

“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири давомида O.Naimov кимёвий ишлов берилган 100 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонда давлат захирасидаги ерни 39 минг долларга расмийлаштириб бермоқчи бўлганлар ушланган эди. Бошқа бир ҳолатда эса Тошкент вилояти Қибрай туманида ҳоким ёрдамчиси 10 минг доллар билан қўлга тушгани ҳақида хабар берилган. У давлат захирасида бўлган 4 сотих ер майдонини ҳокимликда ишловчи танишлари ёрдамида архив ҳужжатларига сохта маълумотлар киритиш орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилган.

jinoyat ishiqashqadaryoo‘zbekistonfiribgarlikkorrupsiyayer sotuvihokimlikpul talab qilish