Қашқадарёда икки ходим 3 минг долларга ОИВ экспертиза хулосасини ўзгартириб бермоқчи бўлди

Қашқадарёда икки нафар ходим ОИВ экспертизаси хулосасини 3 минг АҚШ доллари эвазига ўзгартириб беришга уринганликда айбланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, Қашқадарё вилояти ОИЦга қарши курашиш марказининг туманлардаги ОИВ диагностика лабораторияларидан бирининг лаборанти фуқарога нисбатан 1996-йилда тайинланган экспертиза хулосасини 3 минг доллар эвазига ўзининг мансабдор танишлари орқали унинг фойдасига ижобий томонга ўзгартириб беришни ваъда қилган.
У пулни олаётган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, лаборантдан 2,5 минг долларни олаётган вақтида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг туман бўлими бошлиғи ҳам ҳибсга олинган.
Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ “Андижон сув таъминоти” туман филиали бошлиғи 8,5 минг доллар олаётганида ушланганлиги ҳақида хабар берилган эди.

