Маҳаллий

Президент Тошкентни ривожлантиришга оид қарорни имзолади

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатда саноат, инвестиция, инфратузилма, туризм, савдо, ёшлар сиёсати ва шаҳарсозлик соҳаларини қамраб олган кенг кўламли вазифалар белгиланган.

Президент томонидан Тошкент шаҳрини тараққий эттиришга қаратилган қарор имзоланди.

Ушбу қарорга кўра, 2026-йилга бориб Тошкент шаҳрининг ялпи ҳудудий маҳсулотини 11,7 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 8,5 фоизга, бозор хизматларини 19 фоизга ва қурилиш ишларини 17,3 фоизга ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 2026-йилда 9 миллиард АҚШ доллари, 2027-йил якунига қадар эса 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган.

Ҳужжатга асосан, 2031-йил 1-январгача бир қатор янги механизмлар синов тариқасида жорий этилади. Буларга махсус иқтисодий ва саноат зоналарини кенгайтириш, тайёр бизнес лойиҳаларини электрон ауксион орқали сотиш, кўп қаватли саноат биноларини қуриш ҳамда реновация дастурларини амалга ошириш киради.

Қарорда, шунингдек, "Ўн беш дақиқалик шаҳар" консепсиясини ҳаётга татбиқ этиш, яшил майдонларни кўпайтириш, сув ресурсларини бошқариш марказини ташкил этиш, гастрономик ва тунги туризмни ривожлантириш, ёшлар учун креатив парклар ташкил этиш ҳамда китоб савдосини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Қарорнинг ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Бош вазири зиммасига юклатилган.

iqtisodiy o'sishekologiyaturizminvestitsiyalarshaharsozliktoshkent rivojlanishiyoshlar siyosatiboshqaruv