Тошкентнинг тўртта кириш жойида рамзий дарвозалар қурилади

Тошкент шаҳрининг тўртта асосий кириш нуқтасида рамзий дарвозалар бунёд этилади. Бу ҳақда Президентнинг “Тошкент шаҳрини 2026–2027-йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қайд этилган.
Қарорга мувофиқ, Роҳат, Бектемир, Эркин ва Уч қаҳрамон номли ушбу дарвозалар 2027-йил декабрига қадар қуриб битказилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади – шаҳарга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини кўпайтиришдир. Лойиҳанинг амалга оширилиши учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги масъул этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг 12 та тарихий дарвозасини асл жойларида тиклаш ва уларни туристик объектларга айлантириш таклифи илгари сурилган эди.
Шунингдек, Президентнинг мазкур қарори билан Тошкент шаҳридаги 35 та бозор ва савдо мажмуалари, шунингдек, уларнинг филиаллари оммавий савдоларга қўйилиши белгиланди. Пойтахтдаги йирик савдо марказларида китоб дўконлари ташкил этиш мажбурий бўлади.

