Тошкентдаги катта савдо марказларида китоб дўконлари ташкил этиш мажбурий бўлади
Пойтахтда 5 минг квадрат метрдан катта савдо марказлари энди китоб дўконисиз фаолият юрита олмайди. Янги

Тошкентдаги йирик савдо марказларида китоб дўконлари очиш мажбурий бўлади. Бу ҳақда Президентнинг 2026-йил 27-июлдаги ПҚ–279-сонли қарорида белгиланган бўлиб, унда Тошкент шаҳрини 2026–2027-йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўзда тутилган. Ҳужжатга кўра, 2031-йил 1-январгача пойтахтда бир қатор янги механизмлар синов тариқасида жорий этилади.
Қарорга мувофиқ, майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо марказларида китоб дўконлари ташкил этиш мажбурий талабга айланади.
Шунингдек, қарор билан барча туманларни махсус иқтисодий ва саноат зоналари билан боғлаш ҳамда уларнинг инвестиция салоҳиятини ошириш бўйича янги тартиб ўрнатилди. Ҳар бир туманга лойиҳаларни жойлаштириш учун махсус иқтисодий ва саноат зоналари ҳудудидан ер майдонлари Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан бириктирилади.
Қарорга биноан, "Тошкент китоб тижорат" уюшмасига аъзо бўлган китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга аҳоли гавжум ҳудудларида енгил конструксияли китоб дўконларини ўрнатишга рухсат берилади. Хусусан, бозорлар, йирик савдо марказлари, шоҳ кўчаларда китоб савдоси йўлга қўйилиши, шунингдек "Боок сафе"лар ташкил этилиши мумкин.
Бундан ташқари, пойтахтда ташкил этилаётган 24 соат фаолият кўрсатадиган сайилгоҳларда "Китоб кўчаси" лойиҳасини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган.
Қарорда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар ҳам акс этган. Жумладан, Олмазор туманидаги Ёшлар маркази биносида Ёшлар креатив парки ташкил этилади. Ушбу паркда истиқболли стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш, шунингдек китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича дастурлар амалга оширилади.

