Пентагон НУЖларга оид янги маълумотларни махфийликдан чиқарди

Пентагон НУЖлар бўйича янги маълумотларни ошкор қилди
АҚШ Мудофаа вазирлиги номаълум аномал ҳодисалар (НУЖ)га оид материалларнинг бешинчи қисмини жамоатчиликка тақдим этди. Бу ҳақда ББС хабар берди.
Эълон қилинган маълумотлар жами 41 та файлни ўз ичига олади, жумладан, 16 та видео, 3 та тасвир ва ўнлаб ПДФ ҳужжатлар. Ушбу ҳужжатларнинг энг эскиси 1953-йилга, энг янгиси эса жорий йилга тегишли. Ҳукумат кузатилган ҳодисаларнинг табиати ҳақида якуний хулосага келмаган.
Очиқланган видеоларда турли ҳодисалар тасвирланган. Мисол учун, 2025-йилда Яқин Шарқдаги турар жой бинолари устидан тўғри чизиқ бўйлаб учиб ўтган юмалоқ шар ҳамда 2021-йилда Уммон қўлтиғида пайдо бўлган, диаметри 1,2 метр келадиган тўқ рангли “шар” шулар жумласидандир. Бошқа бир видеода эса 2019-йилда Тинч океани устида қора шар кўриниш бериб, сўнг йўқолиб қолгани ва қайта пайдо бўлгани акс этган.
Ҳужжатларда 2023-йил октябрида АҚШнинг Бостон шаҳридан Ирландия пойтахти Дублинга учган учувчиларнинг гувоҳликлари келтирилган. Улар тунги осмонда йўналишини ўзгартириб, гоҳ ёниб, гоҳ ўчувчи ғайритабиий чироқларга дуч келганини айтган.
Шунингдек, ҳужжатларда собиқ ҳарбийларнинг 2011-йилда АҚШда бурчакларида чироқлари бор улкан тўқ рангли учбурчак шаклидаги обьектни кўргани ҳақида ҳам сўз боради. Бошқа видеоларда номаълум обьектлар тоғлар, шунингдек, кема ёнидан учиб ўтаётгани акс этган.
НУЖлар ҳақидаги мунозара феврал ойида АҚШ собиқ президенти Барак Обама подкастда меҳмон бўлганидан сўнг Америка ОАВларида кун тартибига чиққанди. Бошловчининг ердан ташқаридаги сивилизацияларга ишониши ҳақидаги саволига Обама “улар мавжуд, лекин мен уларни ҳеч қачон кўрмаганман”, дея жавоб берган. Бу жавоб жамоатчилик эътиборини тортган.
Шундан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп махсус хизматлар ўзга сайёралик сивилизациялар ҳақидаги барча маълумотларни ошкор этишини айтганди. Пентагон 8-май куни 161 та файлдан иборат биринчи маълумотларни очиқлаб, уларни босқичма-босқич эълон қилишини билдирди.

