Пентагон қурол синовлари бўйича 25 йиллик очиқ ҳисоботларни яширди

Пентагон 25 йиллик очиқ қурол синовлари ҳисоботларини яширди.
Блоомберг хабарига кўра, Пентагон ўз веб-сайтидан 25 йил давомида мунтазам равишда эълон қилиб келинган қурол синовлари ҳақидаги махфий бўлмаган маълумотларни олиб ташлади.
Ҳужжатларга кириш 30-июл куни Пентагоннинг эксплуатацион синовлар бошқармаси бошлиғи Эми Ҳеннингернинг буйруғи билан чекланган. Вазирлик буни АҚШ хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган эҳтиёт чораси деб атамоқда.
Пентагон бу қарорни мамлакат рақиблари сунъий интеллект ва бошқа илғор воситалар ёрдамида турли махфий бўлмаган маълумотларни солиштириши мумкинлиги билан изоҳлаган. Таъкидланишича, рақиб давлатлар бу орқали Америка ҳарбий техникаси ва муҳим инфратузилмасининг заиф томонлари ҳақида батафсил тасаввурга эга бўлиши мумкин.
Ҳозирда қурол синовлари бўйича ҳисоботлар хавфсиз тармоққа ўтказилган. Улар билан фақат Федерал қидирув бюроси текширувидан сўнг бериладиган ҳарбий идентификация карталарига эга ваколатли ходимларгина танишиши мумкин.
Ҳужжатлар қурол-яроғ дастурларининг самарадорлигини баҳолаш ва синовлар пайтида аниқланган камчиликлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган. У 1,6 триллион долларлик Ф-35 қирувчи самолётининг ҳолати тўғрисидаги очиқ маълумотлар манбаларидан бири бўлиб хизмат қилганди.
Маълумот ўрнида, Пентагон июл ойида номаълум учар жисмлар (НУЖ)га оид навбатдаги ҳужжатни махфийликдан чиқарганди. Пентагоннинг махсус саҳифасида 40 та янги файл жойлаштирилган. Улар Пентагон, НАСА, Марказий разведка бошқармаси, ФҚБ ва АҚШ Энергетика вазирлигидан олинган. Ҳужжатларнинг деярли ярми 2010-йил ва ундан кейинги йилларга тегишлидир.
Булар асосан Тинч океанининг ғарбий қисми, Атлантика океани ва Яқин Шарқ узра номаълум обьектларни қайд этган ҳарбий камераларнинг инфрақизил ёзувларига алоқадор. НУЖ ҳақидаги архивни эълон қилиш президент Доналд Трампнинг буйруғига биноан амалга оширилмоқда.

