Ўзбекистонликлар Франсияга ишга юборилади
Ўзбекистон фуқароларини Франсияга ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш бўйича илк пилот лойиҳа амалий босқичга ўтди. Дастлабки 6 нафар номзод меҳнат визаларини олган бўлиб, улар шу ой Франсияга бориб, мева йиғиш ва саралаш ишларида меҳнат фаолиятини бошлайди.

Ўзбекистон фуқаролари учун Франсияда ишлаш имконияти яратилмоқда. Миграция агентлигининг хабар беришича, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси географияси Франсия ҳисобига кенгаймоқда.
Жорий йилнинг 12-июн куни Франсиядаги мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига номзодларни жалб қилиш бўйича эълон берилган. 1-июл куни эса талабгорлар франсуз иш берувчилари билан онлайн суҳбатдан ўтган.
Ушбу пилот лойиҳа доирасида жами 10 нафар номзод франсуз иш берувчиси томонидан танлаб олинган. Улардан дастлабки 6 нафари аллақачон меҳнат визаларини қўлга киритган. Улар август ойида Франсияга жўнаб кетиб, мева йиғиш ва саралаш ишларида фаолият бошлаши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасидаги қолган 4 нафар номзод эса куз ойларида Франсияга юборилади. Улар сабзавот етиштириш ва ҳосилни йиғиш билан боғлиқ мавсумий ишларда меҳнат қилиши режалаштирилган.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, бу Ўзбекистон фуқароларини Франсияга ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш бўйича биринчи йўналиш ва дастлабки пилот лойиҳадир.
Лойиҳа натижаларига кўра, келгусида Франсиядаги иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзбекистонликлар учун ушбу мамлакат меҳнат бозорида янги иш имкониятларини яратиш кўзда тутилган.

