Маҳаллий

Ўзбекистонлик ҳамширалар АҚШга ишга юборилиши мумкин

Ўзбекистонлик ҳамширалар АҚШ тиббиёт муассасаларига ишга юборилиши мумкинлиги муҳокама қилинди, деб хабар берди “Дунё” ахборот агентлиги.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Сиетлдаги Бош консулхонаси дипломатлари АҚШнинг инсон капитали ва кадрлар таъминоти бўйича йирик компанияларидан бири – Корн Феррй раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Унда компаниянинг Яқин Шарқ ва Африка бўйича соғлиқни сақлаш ва таълим хизматлари йўналиши ҳамкори Суеллен Томлинсон, глобал соғлиқни сақлаш хизматлари йўналиши вакили Митул Моди ҳамда Корн Феррй Ҳеалтҳънинг операцион директори Лиз Бикли иштирок этди.

Музокараларнинг асосий мавзуси ўзбекистонлик ҳамшираларни АҚШ тиббиёт тизими талабларига мувофиқ қўшимча тайёрлаш, сертификатлаш ва лицензиялаш, уларни Америка соғлиқни сақлаш муассасаларига тартибли, хавфсиз ва ўзаро манфаатли асосда жалб этиш имкониятлари бўлди.

АҚШ вакилларига Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясини тизимли ташкил этиш, хорижий иш берувчилар билан марказлашган ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларнинг хориждаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Компания ходимлари АҚШ соғлиқни сақлаш тизимида ҳамширалар ва ёрдамчи клиник-техник мутахассисларга эҳтиёж мавжудлигини таъкидлади. Қатор тиббиёт тизимлари халқаро ищиларни ёллашга очиқлиги, айниқса, клиник тайёргарлиги ва инглиз тили даражаси юқори бўлган, лицензиялаш талабларига жавоб берувчи хорижий мутахассисларга талаб катта экани қайд этилди.

Корн Феррй раҳбарияти Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббусга катта қизиқиш билдирди ҳамда уни АҚШдаги манфаатдор тиббиёт тизимлари, иш берувчилар ва ҳамширалик таълими муассасалари билан муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Музокараларда Корн Феррй томонидан салоҳиятли иш берувчиларнинг кадрларга бўлган аниқ эҳтиёжи, талаб қилинадиган мутахассисликлар, номзодларнинг малака даражаси ва тайёргарлик мезонларини ўрганишга келишилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШдаги ҳамшираларни тайёрлаш тизимлари ўртасидаги тафовутларни, жумладан, тил, клиник тайёргарлик, малакани тан олиш, лицензиялаш ва иммиграция талабларини қиёсий таҳлил қилиш режалаштирилди.

Томонлар лойиҳани дастлаб кичик пилот гуруҳ билан бошлаш, унинг натижалари ва АҚШ иш берувчиларининг талабларидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ҳамшираларни жалб этиш кўламини босқичма-босқич кенгайтириш истиқболли эканини қайд этди.

Корн Феррй — 1969-йилда Лос Анжелесда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 50 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. Компания ташкилотларни ривожлантириш, раҳбар ва мутахассисларни танлаш, халқаро ва оммавий кадрлар ёллаш ҳамда инсон капиталини бошқаришга ихтисослашган.

Бундан аввал Ўзбекистон фуқаролари янги дастур орқали АҚШдаги мавсумий ишларга тайёрланиши ва жойлаштирилиши ҳақида хабар берилган эди. Миграция агентлиги АҚШнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи яна бир йирик рекрутинг компанияси билан Ҳ-2А дастури орқали мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик қилади.

nurse recruitmentpilot programlicensingmedical traininglabor migrationuzbek nursesus healthcarekorn ferry