Маҳаллий

Чехияда ишлаш учун ўзбекистонлик ҳамширалар тайёрланади

Ўзбекистон ва Чехия ўртасида тиббиёт ходимларини тартибга солинган меҳнат миграцияси асосида ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бунинг доирасида Чехияда ишлаш истагидаги ўзбекистонлик ҳамширалар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистонлик ҳамширалар Чехияда ишлаш учун махсус тайёрланади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Чехия Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари Чехиянинг ЗЙЛОРА компанияси билан тиббиёт ходимлари ва ҳамшираларни тартибга солинган меҳнат миграцияси асосида ишга жалб этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, малакали мутахассисларнинг Чехияга қонуний ва тартибли ишга жойлашишини таъминлаш бўйича фикр алмашдилар. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

ЗЙЛОРА компанияси вакиллари келгусида Чехияда ишга жойлаштириш учун Ўзбекистонда ҳамшираларни тайёрлайдиган ихтисослаштирилган ўқув курсларини ташкил этиш имкониятини ўрганаётганини билдирдилар.

Бундан ташқари, компания Чехияга тиббиёт ходимларини юбориш билан боғлиқ амалдаги қонунчилик, меъёрий-ҳуқуқий база ва тартиб-таомилларни батафсил ўрганиш ниятида эканини маълум қилди.

Чехияда рўйхатдан ўтган ЗЙЛОРА компанияси халқаро бизнесни ривожлантириш, компанияларни рўйхатдан ўтказиш, молиявий ва солиқ масалалари бўйича консалтинг ҳамда халқаро банк хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Сўнгги йилларда компания Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

hamshiralarzyloratibbiyot xodimlario'quv kurslarichexiyaiqtisodiy hamkorliko‘zbekistonmehnat migratsiyasi