Ўзбекистондан ҳамширалар АҚШга жўнатилиши мумкин
Ўзбекистоннинг Сиетлдаги бош консулхонаси АҚШнинг инсон капитали ва кадрлар таъминоти бўйича йирик компанияларидан бири Корн Феррй раҳбарияти билан учрашувда ҳамшираларни ишга чақиришни муҳокама қилди. Шунингдек, уларни қайта тайёрлаш, сертификатлаш ва лицензиялаш, АҚШ шифохоналарига тартибли, хавфсиз ва манфаатли асосда жойлаш масаласи кўриб чиқилган.

Ўзбекистонлик ҳамширалар АҚШга ишлаш учун юборилиши мумкин.
АҚШда ҳамшира ва шифокорлар каби касбларга доимий равишда юқори талаб мавжуд. Бироқ, Америка инглиз тилини биладиган, ўз соҳасида етук билимга эга ва профессионал тиббиёт ходимларига муҳтож. Корн Феррй вакилларининг таъкидлашича, ҳамширалар ва ёрдамчи клиник-техник мутахассисларга бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бормоқда. Компания бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Мулоқот давомида Консулхона вакиллари Ўзбекистоннинг ташқи меҳнат миграцияси географияси, мақсадли кадрлар тайёрлаш ва уларни хорижда ҳимоя қилиш масалалари бўйича атрофлича маълумот берган.
Музокаралар якунида Корн Феррй салоҳиятли иш берувчиларнинг кадрларга бўлган аниқ эҳтиёжини, талаб қилинадиган мутахассисликларни, номзодларнинг малака даражаси ва тайёргарлик мезонларини ўрганишга келишилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШдаги ҳамшираларни тайёрлаш тизимлари ўртасидаги фарқларни, жумладан, тил билиш даражаси, клиник тайёргарлик, малакани тан олиш, лицензиялаш ва иммиграция талабларини қиёсий таҳлил қилиш режалаштирилмоқда.
Томонлар лойиҳани дастлаб кичик пилот гуруҳ билан бошлашни мақсад қилган. Натижалар ва АҚШ иш берувчиларининг талабидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ҳамшираларни жалб этиш кўлами кенгайиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 1969-йилда Лос-Анжьелесда ташкил этилган Корн Феррй бугунги кунда 50 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритади. Компания ташкилотларни ривожлантириш, раҳбар ва мутахассисларни танлаш, халқаро ва оммавий кадрлар ёллаш ҳамда инсон капиталини бошқаришга ихтисослашган.

