Ўзбекистонда хоккейни ривожлантириш режалари Миллий олимпия қўмитасида муҳокама қилинди
Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистонда хоккейни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Аввалроқ хоккей ишқибозлари гуруҳи соҳага давлат томонидан қўллаб-қувватлов кўрсатиш сўрови билан мамлакат раҳбариятига мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида мамлакатда хоккей спортини ривожлантиришга қаратилган режалар муҳокама қилинди. Бу учрашувга хоккей ихлосмандларининг соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашни сўраб мамлакат раҳбариятига йўллаган мурожаати сабаб бўлган эди.
Учрашувда президентнинг спорт масалалари бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов ва Хоккей федерацияси вице-президенти Баҳодир Ғафуров иштирок этди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар давомида хоккейни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, жумладан, ёшлар учун хоккей билан шуғулланишга қулай шароитлар яратиш, спорт инфратузилмасини такомиллаштириш, Ўзбекистон ўсмирлар ва миллий терма жамоаларининг жаҳон чемпионатларининг юқорироқ дивизионларига чиқиши учун шароитларни таъминлаш ҳамда Қишки Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Иштирокчилар, шунингдек, хоккей клублари фаолиятини мустаҳкамлаш, иқтидорли спортчиларни саралаш тизимини такомиллаштириш, малакали мураббийлар ва мутахассислар тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни ҳам кўриб чиқдилар.
Аввалроқ хоккей ишқибозлари гуруҳи мамлакат раҳбариятига мурожаат қилиб, спорт мактаблари ва иншоотларини молиялаштириш, халқаро ва минтақавий мусобақаларни ўтказиш ҳамда уларда маҳаллий хоккейчиларнинг иштирокини таъминлашда ёрдам беришни сўраган эди.
Мурожаатда молиялаштириш етишмаслиги сабабли мамлакатдаги ягона профессионал катталар хоккей клуби – “Ҳумо” ёпилиш хавфи остида қолгани таъкидланган.
"2019-йилда шайбали хоккей қайта тикланганидан буён Ўзбекистон хоккейчилари салмоқли натижаларга эришди. Миллий ва ёшлар терма жамоалари икки мартадан ўз дивизионларида жаҳон чемпиони бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон хоккей клублари нафақат мамлакатимизда, балки унинг ташқарисида ҳам мухлисларига эга бўлди. Бу ютуқлар шайбали хоккейга қизиқиш юқори экани ва унинг оммабоп спорт турига айланганини тасдиқлайди", — дейилган мурожаатда.

