Осиё ўйинлари олдидан: Ўзбекистон янги спорт марказига айланмоқдами?
Япониянинг Айчи ва Нагоя шаҳарлари мезбонлик қиладиган ХХ Осиё ўйинлари нафақат қитъанинг энг йирик спорт

**Осиё ўйинлари олдидан: Ўзбекистон янги спорт марказига айланмоқдами?**
Япониянинг Айчи ва Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтадиган ХХ Осиё ўйинлари қитъанинг энг йирик спорт мусобақаси бўлиш билан бирга, янги спорт кучларининг нисбатини кўрсатувчи муҳим синов вазифасини ўтайди. Сўнгги йилларда халқаро ареналарда барқарор натижалар кўрсатаётган Ўзбекистон делегацияси бу сафар ҳам медаллар жадвалида юқори ўринлар учун курашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мустақилликка эришганига яқинда 35 йил тўлади ва мамлакатда спортга доимий равишда катта эътибор қаратилган. Айниқса, сўнгги йилларда бу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўзбек спорти янги босқичга кўтарилди.
Мутахассисларнинг фикрича, Айчи-Нагоя Осиё ўйинларида Ўзбекистон бир қатор спорт турларида қитъанинг асосий фаворитларидан бири сифатида иштирок этади.
**Бокс: Анъанавий куч манбаи**
Энг катта умид, аввалгидек, бокс билан боғлиқ. Ўзбек бокс мактаби сўнгги йилларда нафақат Осиё, балки жаҳон миқёсида ҳам етакчилардан бирига айланди. Париж Олимпиадасида Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Абдумалик Халоков, Лазизбек Мулложонов, шунингдек икки карра Олимпия чемпиони Баҳодир Жалолов тенгсиз бўлган эди. Осиё ўйинларида ҳам бу боксчиларнинг аксарияти олтин медал учун асосий даъвогарлар сифатида қаралмоқда.
Гарчи Лазизбек Мулложонов ва Баҳодир Жалолов бу мусобақада иштирок этмасалар ҳам, Жаҳонгир Зокиров, Тўрабек Ҳабибуллаев каби ёш ва умидли боксчилар уларнинг ўрнини муносиб тўлдиришга ҳаракат қиладилар. Аёллар ўртасида эса Феруза Қозоқова, Одинахон Раҳимова ва Хуморонабу Мамажонова каби боксчилардан ҳам юқори натижалар кутилмоқда.
**Дзюдо: Япония, Жанубий Корея ва Мўғулистонга рақобатчи**
Медаллар учун асосий манбалардан яна бири — дзюдо. Ўзбекистонлик дзюдочилар сўнгги йилларда халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда ва Осиё аренасида Япония, Жанубий Корея ҳамда Мўғулистон билан тенг рақобат қилиш салоҳиятига эга. Олимпия чемпиони Диёра Келдиёрова, жаҳон чемпионати совриндорлари Музаффарбек Тўрабоев, Давлат Бобонов, Шарофиддин Болтабоев ҳамда оғир вазндаги етакчи дзюдочилардан Алишер Юсупов Ўзбекистоннинг асосий медал умидлари ҳисобланади.
**Кураш: Кучли мураббийлик мактаби самараси**
Эркин ва юнон-рум кураши, шунингдек аёллар кураши бўйича ҳам Ўзбекистоннинг медал имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Эркин курашда Олимпия чемпиони Разамбек Жамалов, юнон-рум курашида Исломжон Бахромов, аёллар курашида эса ёш ва иқтидорли спортчилар юқори ўринлар учун курашиши кутилмоқда. Мамлакатда ушбу йўналишларда шаклланган кучли мураббийлик мактаби йиллар давомида ўз самарасини бериб келмоқда.
**Оғир атлетика: Барқарор ютуқлар**
Оғир атлетика ҳам Ўзбекистоннинг энг ишончли медал манбаларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда ўзбекистонлик оғир атлетикачилар Олимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида мунтазам равишда шоҳсупага кўтарилиб келмоқда. Токио Олимпиадаси чемпиони Акбар Жўраев Осиё ўйинларида ҳам олтин медал учун асосий даъвогарлардан бири саналади. Шунингдек, иқтидорли ёш оғир атлетикачилар Сардорбек Тоштемиров ҳамда аёллар ўртасида Муаттар Набиева ҳам медаллар учун курашиши мумкин. Оғир атлетика мактабининг изчил ривожланиши ва захира спортчиларнинг етишиб чиқиши Ўзбекистоннинг ушбу спорт турида Осиёнинг етакчи давлатлари қаторида қолишини таъминламоқда.
**Таеквондо ва спорт гимнастикаси: Умидли йўналишлар**
Таеквондо ва спорт гимнастикасида ҳам ўзбекистонлик спортчилардан юқори натижалар кутилмоқда. Таеквондода Олимпия чемпиони Улуғбек Рашитов ва Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори Светлана Осипова Ўзбекистоннинг асосий умидлари ҳисобланади. Спорт гимнастикасида афсонавий Оксана Чусовитинанинг тажрибаси ҳамон жамоа учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
**Енгил атлетика: Ўсиб бораётган рақобатбардошлик**
Енгил атлетикада ҳам ўсиш кузатилмоқда. Баландликка сакраш бўйича Сафина Саъдуллаева, кўпкураш бўйича Екатерина Воронина каби спортчилар Осиё миқёсида медал учун курашиш имкониятига эга. Ёш енгил атлетикачиларнинг Осиё чемпионатларида муваффақиятли иштирок этаётгани мамлакатнинг ушбу йўналишда ҳам рақобатбардошлиги ошиб бораётганини кўрсатмоқда.
**Ютуқлар сири: Давлат эътибори ва тизимли ислоҳотлар**
Бу ютуқларнинг асосий манбасини, аввало, давлат томонидан спорт соҳасига қаратилаётган эътиборда кўриш мумкин. Сўнгги йилларда миллий терма жамоаларни шакллантириш тизими такомиллаштирилди, спортчиларни саралаш жараёни янада шаффофлаштирилди ва тайёргарлик жараёнига замонавий илмий ёндашувлар кенг жорий этилди. Шу билан бирга, ҳудудларда янги спорт иншоотлари қурилди, мавжуд базалар модернизация қилинди, мураббийлар малакасини ошириш ва ёшлар захирасини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
**Халқаро спорт марказига айланиш**
Яна бир муҳим жиҳат — мамлакатда халқаро спорт тадбирлари сони сезиларли даражада ошди. Ўзбекистоннинг нуфузли жаҳон чемпионатлари, Осиё чемпионатлари ҳамда Осиё Олимпия Кенгаши тадбирларига мезбонлик қилиши халқаро спорт ҳамжамиятидаги нуфузини янада мустаҳкамлади. Сўнгги икки-уч йил ичида Ўзбекистонда жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақалар сони кескин ошди. Халқаро федерациялар мамлакатнинг спорт инфратузилмаси, ташкилий имкониятлари ва хавфсизлик тизимини юқори баҳоламоқда.
Бу жараён нафақат халқаро мусобақаларни қабул қилиш, балки Ўзбекистонни Осиё спортининг муҳим марказларидан бирига айлантириш стратегиясининг ажралмас қисми сифатида кўрилмоқда. Айрим хорижлик экспертлар мамлакатни ҳатто "Марказий Осиёнинг спорт пойтахти" сифатида ҳам эътироф этмоқда. Тошкентда барпо этилган замонавий Олимпия шаҳарчаси бемалол мана шу эътирофнинг исботи бўла олади. Мажмуа келгусида кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиши кутилмоқда. Ўзбекистонга ҳали дунё таниган спортчилар келади. Ва шу ўлкадан дунё танийдиган юлдузлар кўп етишиб чиқади.
Айчи-Нагоя Осиё ўйинлари Ўзбекистон спорти учун навбатдаги жиддий имтиҳон бўлади. Бокс, дзюдо, кураш, оғир атлетика, таеквондо, гимнастика ва енгил атлетика каби спорт турларида юқори натижалар қайд этиш учун барча имкониятлар мавжуд. Энг муҳими, бугунги ютуқлар тасодиф эмас. Давлат томонидан амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, спорт инфратузилмасига йўналтирилаётган инвестициялар, ёшлар захирасини тайёрлаш ва халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши Ўзбекистонни нафақат медаллар учун курашадиган мамлакатга, балки Осиё спорти ривожига таъсир кўрсатаётган муҳим марказлардан бирига айлантирмоқда.

