Технология

Ўзбекистонда илк бор аерологик шар синов тариқасида учирилди

Бухоро вилоятида Ўзбекистон мустақиллиги йилларида илк бор аерологик шар синов тариқасида муваффақиятли учирилди. Мазкур лойиҳа атмосферанинг юқори қатламларини ўрганиш, об-ҳаво прогнозлари аниқлигини ошириш ва хавфли гидрометеорологик ҳодисаларни эртароқ аниқлаш имкониятини кенгайтиради.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилоятида мамлакат тарихида биринчи марта аерологик шар синов тариқасида ҳавога кўтарилди. Бу воқеа гидрометеорология соҳасини ривожлантириш ва атмосферанинг юқори қатламларини ўрганиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ушбу аерологик шарга ўрнатилган замонавий метеозонд парвоз давомида ҳаво ҳарорати, нисбий намлик, атмосфера босими, шамол тезлиги ва йўналиши каби муҳим метеорологик маълумотларни турли баландликларда реал вақт режимида ўлчаб, уларни ерда жойлашган қабул қилиш стансиясига узатади.

Мутахассисларнинг фикрича, бу аерологик маълумотлар синоптик таҳлилларни яхшилаш, об-ҳаво прогнозларининг аниқлигини ошириш, хавфли гидрометеорологик ҳодисаларни эрта аниқлаш ҳамда авиация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни ишончли гидрометеорологик ахборот билан таъминлашда катта аҳамиятга эга.

Таъкидланишича, аерологик кузатувларни йўлга қўйиш мамлакат гидрометеорология хизматига замонавий технологияларни кенг жорий этишга ва соҳанинг илмий-амалий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

bukhara regionuzbekistanweather forecastingaerological balloonmeteorologyatmospheric researchmeteosondehydrometeorology