Ўзбекистонда ҳар йили “Сувни тежаш ойлиги” ўтказилади
Президент фармонига мувофиқ, энди ҳар йили март ойида мамлакат бўйлаб “Сувни тежаш ойлиги” ўтказилиб, аҳоли ўртасида сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Ўзбекистонда ҳар йили “Сувни тежаш ойлиги” ташкил этилади.
Президент фармони билан сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ичимлик сувини тежаш ва соҳада ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор янги чоралар белгиланди.
Ҳужжатга кўра, ҳар йили март ойида “Сувни тежаш ойлиги” ўтказилади. Унинг доирасида сувни тежаш, уни қадрлаш маданиятини шакллантириш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган тарғибот ишлари ташкил этилади.
2027-йил 1-январдан бошлаб республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларига ичимлик сувини тежаш, шунингдек, ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш кўрсаткичлари ҳам киритилади.
Шу санадан бошлаб замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатмаган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.
Шунингдек, 2027-йил 1-апрелдан эътиборан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун бюджет ташкилотларига республика бўйича ягона тарифлар жорий этилади.
Фармонга мувофиқ, ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнлари бўйича алоҳида ҳисоб-китоб юритиш тизими ҳам йўлга қўйилади. Бу соҳада харажатлар ва хизматлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

