Маҳаллий

Ҳокимларнинг ичимлик суви нархини белгилаш ваколати ҳукуматга ўтказилади

Президент фармони билан, 2027 йилдан бошлаб ҳудудий ҳокимликларнинг ичимлик суви ва канализация тарифларини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади. Марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ҳудудларда алоҳида ёндашув (махсус техникаларда сув етказиб бериш, шохобчаларни ташкил этиш ва шу кабилар) жорий этилади.

Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган янги фармонга кўра, ҳокимликларнинг ичимлик суви нархини белгилаш ваколати ҳукуматга ўтказилади.

24-июл куни имзоланган ушбу фармон 2027-йил 1-январдан кучга киради ва қуйидаги ўзгаришларни назарда тутади:

* Иқтисодий жиҳатдан самарасиз ёки ўзини оқламайдиган ҳудудларда марказлашган ичимлик суви таъминоти ўрнига махсус ёндашувлар (масалан, сувни махсус техникаларда етказиб бериш, шохобчалар ташкил этиш) қўлланилади.

* Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати ҳудудий ҳокимликлардан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади.

* 2027-йил 1-апрелдан бошлаб бюджет ташкилотлари учун ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари бўйича республика бўйлаб ягона тарифлар жорий этилади.

* Ичимлик суви ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнлари бўйича алоҳида ҳисоб-китоб тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2027-йил 1-январдан бошлаб:

* Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ва ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларига ичимлик сувини тежаш ва ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатиш мезонлари киритилади.

* Замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатмаган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.

Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасидаги янги лойиҳаларга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан (ХМИ/ХҲМТ) қарз ва грант маблағлари олдиндан харид, ретроактив ва шу каби бошқа молиялаштириш усуллари орқали жалб қилинади.

uzbekistantariffsgovernment decreefundingwater conservationwater supplydrinking waterwater meters