Технология

Ўзбекистонда ғўзапоядан асфалт ишлаб чиқарилиши мумкин

Ўзбекистонда ғўзапоядан асфалт ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Факт 24” информацион дастурида маълум қилинди.

Самарқанд давлат техника университети олимлари туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ғўзапоядан янги турдаги асфалт хомашёсини яратиш бўйича халқаро илмий лойиҳани бошлади. Умумий қиймати 2 миллиард 824 миллион сўм бўлган ушбу инновацион лойиҳа доирасида пахта ғўзапояси асфалт формуласи учун асосий хомашё сифатида ишлатилади.

Илмий жамоа ғўзапояни пиролиз усули билан қайта ишлайди, натижада биоёғ ва биокўмир каби икки фойдали маҳсулот олинади. Бу маҳсулотлар анъанавий нефт битумини босқичма-босқич алмаштириб боради: дастлаб 15%, кейин 30%, сўнгра эса 45% нисбатда.

Ахборотда таъкидланишича, бу йўл қурилишида нефт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни камайтиради ва дала-даштларда ёқиб юбориладиган чиқиндиларни фойдали хомашёга айлантиради.

Самарқанд давлат техника университети ректори Чидем Туркьилмазнинг сўзларига кўра, лойиҳа пахта пояси чиқиндиларидан биоёғ ва биокўмир олиш ҳамда уларни асфалт-бетон таркибида қўллаш орқали экологик тоза, узоқ муддат хизмат қиладиган ва ўз-ўзидан тикланиш хусусиятига эга йўл қопламаларини яратишни мақсад қилган. Унинг таъкидлашича, бу лойиҳа қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан самарали фойдаланиш ва замонавий йўл қурилишига инновацион технологияларни жорий этишга хизмат қилади.

Ушбу тадқиқотлар бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ва Туркияда олиб борилмоқда. Лойиҳа Самарқанд давлат техника университети ва Туркиянинг Адана шаҳридаги нуфузли олий таълим муассасаси – Чукурова университети ўртасидаги ҳамкорлик асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа раҳбари, туркиялик Бурат Йигит Катаналпнинг айтишича, асфалт йўллар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисми бўлса-да, унинг асосий таркиби бўлмиш битум нефтдан олинади. Нефт эса миллионлаб йиллар давомида ҳосил бўладиган, захираси чекланган ва қайта тикланмайдиган ресурсдир. Шу сабабли, нефтга қарамликни камайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш жуда муҳим.

Бундан ташқари, транспорт юкламалари, ҳарорат ўзгаришлари ва атроф-муҳит таъсири туфайли асфалт қопламаларида вақт ўтиши билан микроёриқлар пайдо бўлади, бу эса йўлларнинг бузилишига ва техник хизмат кўрсатиш харажатларининг ошишига олиб келади. Катаналпнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа доирасида икки асосий муаммога ечим бўладиган асфалт технологияларини ишлаб чиқиш мақсад қилинган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа натижалари нафақат илм-фан, балки кундалик ҳаёт учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлади. Янги технология йўлларнинг хизмат муддатини узайтиради, таъмирлаш харажатларини камайтиради ва атроф-муҳитни асрашга ёрдам беради.

Аввалроқ Ўзбекистонда полимер асосидаги асфалт қопламаларидан фойдаланиш бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Июл ойида Миср компанияси билан асфалт қопламасини қуёш нурларининг тик тушишидан ҳимоя қилувчи махсус воситаларни ўрнатиш бўйича инновацион ечимлар муҳокама қилинган эди.

xalqaro hamkorlikasfalt ishlab chiqarishg'o'zapoyainnovatsion loyihaekologik tozabioyog'bioko'miryo'l qurilishi