“Ўзбекнефтгаз” миллий бурғилаш компаниясини ташкил этди
ъЎзбекнефтгазъ ҳузурида УНГ Бурғилаш миллий бурғилаш компанияси ташкил этилди. У углеводород захираларини қидириш ва ўзлаштириш, чуқур қудуқларни бурғилаш ишларини олиб боради. Компания учун 21 та ЗЖ-70 ва ЗЖ-90 қурилмалари харид қилинмоқда. Улар октабр ойидан бошлаб етиб келиши кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” миллий бурғилаш компаниясини ташкил этди
“Ўзбекнефтгаз”нинг матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистоннинг энг йирик нефт-газ компанияси тизимида “УНГ Бурғилаш” номли миллий бурғилаш компанияси ташкил этилди.
Корхоналар реестрига биноан, ушбу компания 25-июн куни 10 миллиард сўм устав фонди билан рўйхатдан ўтказилган.
Янги тузилманинг асосий вазифаси Устюрт текислиги ва Ўзбекистоннинг бошқа истиқболли ҳудудларида нефт ва газ қудуқларини бурғилашдан иборат бўлади. Компания углеводородларнинг янги захираларини қидириш, уларни ўзлаштириш ва қазиб олиш барқарорлигини таъминлашда иштирок этиши кутилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” маълумотларига кўра, компанияни очишдан мақсад чуқур бурғилашнинг замонавий технологияларини жорий этиш ва бу соҳада мутахассисларнинг миллий мактабини шакллантиришдир. “УНГ Бурғилаш” 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратиши прогноз қилинмоқда.
Компания учун ЗЖ-70 ва ЗЖ-90 моделли 21 та замонавий бурғилаш қурилмаси харид қилинмоқда. Ушбу ускуналар рақамли бошқарув тизимлари билан жиҳозланади ва 9 минг метргача бўлган чуқурликда ишларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Қурилмаларни Ўзбекистонга етказиб бериш октабр ойида бошланиши режалаштирилган. Хабарда таъкидланишича, ускуналар мураккаб геологик шароитларда, жумладан, юқори босим ва ҳарорат кўрсаткичларида фойдаланишга мўлжалланган.
Бундан ташқари, қудуқларни сементлаш учун юқори босимли комплекслар, азот ва компрессор қурилмалари, қудуқларни синаш ва ўзлаштириш учун ускуналар, ихтисослаштирилган транспорт ва бошқа техникалар босқичма-босқич харид қилинади. Бу бурғилаш ишларини тўлиқ технологик сиклда ташкил этиш имконини бериши керак.
Компания, шунингдек, халқаро тажрибага эга бўлган муҳандислар ва малакали мутахассисларни жалб қилишни режалаштирмоқда. Кадрларни танлашда касбий билимлар, кўникмалар ва хорижий тилларни билиш даражаси ҳисобга олинади.
“УНГ Бурғилаш” бурғилаш қоришмаларини тайёрлаш, сементлаш, каротаж, бурғилаш долоталарини етказиб бериш ва эксплуатация қилиш, шунингдек, қудуқларни синаш соҳасида хорижий сервис компаниялари билан ҳамкорлик қилиш ниятида.
“Ўзбекнефтгаз” янги технологияларни қўллаш қудуқларни қуриш сифатини ошириш, технологик хавфларни камайтириш ва бурғилаш муддатларини қисқартиришга хизмат қилишига умид қилмоқда.
Келажакда компания нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни ва бошқа давлатлар бозорларида ҳам бурғилаш ва сервис хизматларини кўрсатишни режалаштирмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” компанияси ўтган йил якунларига кўра 25,2 миллиард кубометр газ қазиб олди, бу прогнозлардан паст. 2026−2027-йилларга қазиб олиш ҳажмининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, газ захираларини кўпайтириш ва уни қайта ишлаш кўзда тутилган.

