Маҳаллий

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида хабар бериш учун ишонч телефони ишга туширилди

Ижтимоий ҳимоя агентлиги болаларга нисбатан зўравонлик ва шафқациз муносабат ҳолатлари ҳақида аноним тарзда хабар бериш мумкин бўлган ишонч телефонини ишга туширди. Мурожаатлар 1246 қисқа рақами орқали қабул қилинади.

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш мақсадида махсус ишонч телефони фаолият бошлади. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.

Агентлик матбуот хизматининг хабар беришича, 1246 қисқа рақами орқали болаларга нисбатан зўравонлик ёки уларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат ҳақида хабар бериш мумкин.

Агентлик фуқароларни қуйидаги вазиятларга гувоҳ бўлганларида зудлик билан ушбу ишонч телефонига мурожаат қилишга чақирди:

* Болаларга нисбатан жисмоний, руҳий ёки жинсий зўравонлик;

* Болаларнинг эътиборсиз қолдирилиши ёки уларга ғамхўрлик қилинмаслиги;

* Болаларнинг меҳнатга мажбурланиши ёки уларнинг эксплуатация қилиниши;

* Болаларнинг таълим олиш ҳуқуқининг бузилиши;

* Болаларнинг бошқа ҳуқуқ ва эркинликларининг чекланиши.

Идора мурожаат қилувчининг шахси тўлиқ сир сақланишини кафолатлайди. Ҳозирда колл-марказ синов режимида ишламоқда.

“Ҳар бир бола хавфсиз ва меҳрга тўла муҳитда улғайиш ҳуқуқига эга. Сизнинг битта қўнғироғингиз бир боланинг ҳаётини ўзгартириши мумкин. Биргаликда болаларни ҳимоя қилайлик”, — дейилади агентлик хабарида.

bolalar himoyasiishonch telefonizo'ravonlikmilliy agentliko‘zbekistonijtimoiy himoyabolalar huquqlari