Маҳаллий

Ўзбекистонда бола савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланади

Ўзбекистонда болалар савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий этиш таклифи илгари сурилди ва Президент томонидан маъқулланди.

3-август куни давлат раҳбари алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишган эди. Шунингдек, одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни реабилитация қилиш механизмларини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали маҳалла ва туман даражасида одам савдосидан жабрланган шахсларнинг ҳолатини баҳолаш ва уларни тегишли хизматларга йўналтириш тизими жорий этилади.

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази ва ҳудудий марказлари деб қайта номланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги ҳудудий марказларда одам савдосидан жабрланган аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади, бунинг учун қўшимча 40 та ўрин яратилади.

Шу билан бирга, бола савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилаш, одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг меҳнат ва ташқи миграция хизматлари билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаш, шунингдек, кўрсатилаётган хизматларни мунтазам мониторинг қилиш таклиф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, янги хизматларни жойларда сифатли йўлга қўйиш ва белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.

uzbekistancriminal liabilityhuman traffickingsocial servicesrehabilitation centerschild traffickingwomen and childrenmigration services