Маҳаллий

Бошпанасиз шахслар учун вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказлари ташкил этилади

Ўзбекистонда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини тубдан ўзгартириш режалаштирилмоқда. Бу борадаги таклифлар президентга тақдим этилди.

Ҳозирда республика бўйича 726 ўринга мўлжалланган 11 та реабилитация маркази фаолият юритмоқда. 2026-йилнинг биринчи ярмида уларга 1,1 минг нафар шахс жойлаштирилган.

Таклифга кўра, амалдаги реабилитация муассасалари вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига айлантирилади. Бошпанасиз шахслар ушбу марказларга ўз мурожаати асосида, “маҳалла еттилиги”нинг хулосаси ёки ижтимоий ходим ҳамда профилактика инспектори кўмагида жойлаштирилади.

Ҳар бир фуқаро учун индивидуал режа ишлаб чиқилиб, ҳужжатларини тиклаш, тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштириш чоралари белгиланади.

Шунингдек, марказларда бандликни қўллаб-қувватлаш бўлинмалари ташкил этилиши, тадбиркорларга бўш жойлар имтиёзли шартларда ижарага берилиши режалаштирилмоқда. Бошпанасиз шахсларга касб-ҳунарга ўқиш учун ваучер ажратиш, уларни ижтимоий эҳтиёжманд тоифага киритиш ҳамда улар учун иш ўринларини захиралаш ҳам таклиф этилган.

Бундан ташқари, нодавлат ташкилотларга давлат ижтимоий буюртмаларини жойлаштириш орқали бошпанасиз шахсларни вақтинчалик бошпана, иссиқ овқат ва кийим-бош билан таъминлаш қамровини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, уларни жойларда сифатли амалга ошириш ва ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.

Ушбу йиғилишда 11 тоифадаги фуқароларга ҳаво, темирйўл ва шаҳарлараро транспортда бепул юриш ёки 50 фоизлик чегирма берилиши ҳам таклиф қилинганди. Бунда амалдаги қоғоз талонлардан воз кечилиб, чипта харид қилиш учун ИД карта ёки биометрик паспортни тақдим этишнинг ўзи кифоя қилади.

Қайд этилишича, фуқароларнинг имтиёзга эгалиги “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали автоматик текширилади. Бу эса қоғоз ҳужжатлар айланишини камайтириш ва имтиёзлардан фойдаланиш жараёнини соддалаштиришга хизмат қилади.

uzbekistansocial protectionpresidential decreessocial serviceshomelessnessrehabilitation centersemployment supporttransportation benefits